Ҳокимлик: Qanotchi ресторани очилгани ҳақида нотўғри хабар берганлар жавобгарликка тортилади

Ҳокимлик: Qanotchi ресторани очилгани ҳақида нотўғри хабар берганлар жавобгарликка тортилади

10 май куни Qanotchi ресторани экспериментал режимда ишлаган. Буҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар беради.

«Бу пойтахтимиз масканлари босқичма-босқич очилиши учун чора-тадбирлар тартибини ишлаб чиқиш учун зарур эди. Айни вақтда эксперимент якунига етган, ресторан ёпилган», – дейилади хабарда.

Хабарга кўра, СЭОМ, ИИББ ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг умумий хулосасига асосан, шаҳар умумий овқатланиш масканларининг очилиши учун чоралар режаси ҳамда регламенти ишлаб чиқилади.

«Эксперимент доирасида Qanotchi ресторани маъмурияти ўз ҳисобидан овқатланиш залини СЭОМ меъёрлари асосида жиҳозлаб, дезинфекция ишларини амалга оширди ва меҳмонларни залда жойлаштириш, уларга хизмат кўрсатиш ва киритиш бўйича барча белгиланган чораларни ишлаб чиқди», – дея қайд этади матбуот хизмати.

Батафсил фото- ва видеоҳисобот махсус Комиссияга қарор қабул қилиш учун тақдим қилиниб, унинг асосида умумий овқатланиш масканларини ишга тушириш тартиби белгиланади.

«Рестораннинг одатий тартибда ишга тушгани ҳақида оммага тақдим қилинган маълумот юзасидан эса, нотўғри ахборот тарқатиб пойтахт аҳолисига янглиш маълумот беришда айбдорлар, қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади», – дея хулоса қилади матбуот хизмати.

Қайд этиб ўтамиз, Qanotchi 10 майдан бошлаб хўрандаларни қабул қилиши ҳақида эълон қилганди. Жамоатчилик орасидаги шов-шувдан кейин хабар олиб ташланган. Кейин ресторан “тест режимида” ишлаётганини билдирган, ҳолбуки биринчи хабарда бу ҳақда ҳеч қандай сўз бормаганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.