Хоразм вилоятида вилоят ҳокими ўринбосарининг қариндошига тегишли компания 20 млрд сўмлик давлат буюртмасини олишга муваффақ бўлди
Қурбонов Баҳром Шарипович шу йил Хоразм вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, алоқа ва УЖКХ масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган. Лойиҳалар бўйича давлат буюртмаларини танлов асосида жойлаштириш ҳамда уларнинг амалга ошишини назорат қилиш унинг вазифасига кирган.
Шу йил 25 июнь куни Қурбонов Б.Ш. раислигида Урганчдаги перинатал марказни реконструкция қилиш бўйича тендер комиссиясининг йиғилиши ўтказилган. Комиссия «Бунёдкор» МЧЖни қиймати 20 млрд сўмдан ортиқ бўлган объект қурилишининг ғолиби сифатида танлаган.
Айтиш жоизки, Қурбонов Улуғбек Шарипович мазкур компания таъсисчиси ҳисобланади. Бу ҳолатга davletovuz блогери эътибор қаратади. Унинг маълумотлари бўйича Қурбонов Улуғбек Шарипович Қурбонов Баҳром Шариповичнинг қариндоши.
Шунингдек «Бунёдкор» компанияси Урганчдаги “Ашхабад” маҳалласида ичимлик сувини таъминлаш тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича қарийб 7 млрд сўмлик тенденда ғолиб чиққан.
Anhor.uz мухбири изоҳ олиш учун Хоразм вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати билан боғлана олмади. “Бунёдкор” компаниясининг юридик шахслар реестрида кўрсатилган рақами бўйича қўнғироқ қилинганида эса, бу рақам “Бунёдкор” компаниясига тегишли эмаслигини айтишган.
Шарҳлар