Хоразмда лазги фестивалини ўтказиш таклиф қилинди

Хоразмда лазги фестивалини ўтказиш таклиф қилинди

Урганч шаҳрида бўлиб ўтаётган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини кўрсатиб ўтди. Хусусан, у Хоразмда лазги халқаро фестивалини ўтказишни таклиф қилди.
 
Сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш мақсадида Шовот каналининг икки ёнида кичик туризм зонасини, Хивада “Хоразм хонлари шаҳарчаси”ни ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.

Яқин уч йилда вилоятда умумий қиймати 24 триллион сўмлик 2 минг 736 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 50 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. 
 
Ҳазораспдаги автомобиль заводида “Дамас” ва “Лабо” микровэнлари ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштириш даражасини 65 фоизга етказиш (ҳозир 27 ва 14 фоиз) бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади.
 
Вилоятда келгуси йилда пахтани қайта ишлаш даражасини 100 фоизга, ип-калавани уч йилда бугунги 35 фоиздан 70 фоизга етказиш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқилади.  
 
Малайзиялик инвесторларнинг 250 миллион доллар сармояси ҳисобидан йилига 63 минг тонна каустик сода ва хлор ишлаб чиқарадиган кимё заводи қурилади. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.