Ҳозирча бизда PayPal бўлмайди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Anhor.uz таҳририятининг сўровига жавобан PayPal, Apple Pay ва Google Pay компаниялари “қисқа муддатли истиқболда мамлакатимизда ушбу тизимларни ишга тушириш бўйича режаларга эга эмас”лигини билдирди.
Шу билан бирга ҳамма жойда контактсиз тўловлар технологияларидан фойдаланишни, жумладан, халқаро тўлов тизимларидан (Visa, Mastercard, PayPal, Alipay ва бошқалар) фойдаланган ҳолда, ривожлантириш ва рағбатлантириш, ушбу соҳадаги норматив базани такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар 2018-2019 йилларда АКТни такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси”да белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистонни 2018 йил 1 июнга қадар тўлов тизимларига улаш кўзда тутилганди.
Мазказий банк ходимларининг қайд этишича, “савдо-сервис корхоналарида, аҳоли дам оладиган ва кўп тўпланадиган жойларда ҳамда туризм объектларида ҳам маҳаллий карталарга, ҳам Mastercard ва Visa халқаро тизимларининг карталарига хизмат кўрсатувчи янги «HUMO» тўлов тизими учун 1 200 дан ортиқ банкомат ўрнатилган”. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудларида 172 мингта «HUMO» тўлов терминаллари ишламоқда ва уларнинг сони ошиб боряпти».
PayPal — йирик дебет электрон тўлов тизими. У мижозларга ҳисобларни ва харидларни тўлаш, пул ўтказмаларини жўнатиш ва қабул қилиш имконини беради. Ҳозир Ўзбекистон PayPal тизимига уланмаган Марказий Осиёдаги ягона мамлакат бўлиб қолмоқда.
Шарҳлар