Ҳуқуқ ҳимоячиси “Жаслиқ” колонияси қисман ишлаётганини билдирди

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Kun.uz га берган интервьюсида расман ёпилгани эълон қилинган Жаслиқ қамоқхонаси фаолият юритишда давом этаётганини маълум қилди, деб ёзади «Газета».

«Бу масала бир неча йиллар давомида муаммоларни яширишга ўрганиб қолганимиз билан боғлиқ. Муаммони кўмиб қўйганингиз билан у тупроқ тагида янада ниш отиб кетади. Шубҳасиз, президентимиз ташаббуси билан Жаслиқ ёпилиши жуда катта ҳодиса бўлганди. Лекин масаланинг иккинчи томонига эътибор бериш керак», — дейди Абдураҳмон Ташанов.

«Президент тез орада ёпамиз, деди, лекин мавжуд шароит бунга тайёр эмасди. Чунки Жаслиқда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар бор эди. Уларни тўғри келган қамоқхонага кўчириб бўлмасди, чунки бундай маҳкумлар учун шароитлар сал бошқачароқ бўлиши керак. Бу борада дунё стандартлари бошқача. Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар алоҳида зонада сақланиши керак», — дея қайд этади у.

Шунингдек, унинг айтишича, президентга «ҳаммаси ҳал бўлди, муаммо бўлмайди» деб ҳисобот берилган бўлиши ҳам мумкин.

«Лекин у ерда сақланаётган маҳбусларнинг қариндошлари бор, улар доим учрашувларда бўлади. Бир неча маҳбусларнинг яқинлари бизга мурожаат қилди. Жаслиқ ҳали тўлиқ ёпилмаганини, у ерда юзга яқин умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар сақланаётгани ҳақидаги хабарни чиқаришга шошилганимиз йўқ, суриштирдик, сўрадик», — дейди “Эзгулик” ташкилотининг раҳбари.

Унинг жазони ижро этиш тизимидаги манбаларга асосланган ҳолда маълум қилишича, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларни сақлаш бўйича дунё стандартларига мос келувчи замонавий қамоқхона қурилмоқда.

«Шу қамоқхона битса, ҳозир Жаслиқда олиб қолинган маҳкумлар у ерга кўчириларкан. Бу — нормал ҳолат. Лекин буни яшириб ўтириш ёки бундан қандайдир уят ҳис қилиш, „ўша пайтда ёпилди деб қўйгандик, тўлиқ ёпилмагани ошкор бўлса, ёлғончига чиқиб қоламиз“, деб ҳадиксираш нотўғри», — дейди у.

Қайд этиб ўтамиз, 1999 йили Қўнғирот туманининг Жаслиқ қўрғонида қурилган Қорақалпоғистон ИИВ 19-сонли жазони ижро этиш махсус колонияси 2019 йил 2 августда президент қарори асосида тугатилиши керак эди.

Фотосурат: Kun.uz 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.