Хусусий клиникалар коронавирусга чалинганларни даволаши мумкин. Маблағлар Инқирозга қарши жамғармадан ажратилади
26 март куни Президент Ўзбекистонда коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар беради.
2020 йил 1 сентябргача хусусий тиббий ташкилотларга юқумли касалликлар сирасига киритилган ҳамда шошилинч профилактика ва эпидемияга қарши чоралар кўрилишини талаб қилувчи коронавирусга чалинган фуқароларга тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берилди.
Кўрсатилган муддат Ўзбекистонга коронавирусни олиб кириш ва тарқатишнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича махсус республика комиссияси томонидан ўзгартирилиши мумкин.
Ушбу тартиб доирасида клиникалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан шартнома тузадилар. Вазирлик коронавирусли беморларни даволайдиган хусусий клиникаларни истисно тариқасида танлов (тендер) ўтказмасдан белгилайди.
Шунингдек вазирлик улар томонидан тегишли клиник амалиётга амал қилинишини, шу жумладан тиббий ходимларни зарур амалий кўникмаларга ўргатиш, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг шахсий гигиенага амал қилиши, дезинфекциялаш воситалари билан таъминланганлик масалаларини назорат қилади. Тиббий хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади.
Шарҳлар