ID-карта олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак

ID-карта олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак

Ўзбекистон Президенти 2011 йил намунасидаги биометрик паспортлар ўрнига  2021 йилдан бошлаб ID-карталарни жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Норма» нашри ёзади.
 
ID-картани олиш ва алмаштириш учун қуйидаги фуқаролар мурожаат қилишлари мумкин:

  • Ўзбекистон фуқаролари – ўз ихтиёрига кўра исталган ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига (олиш ва алмаштириш учун) ёки давлат хизматлари марказига (алмаштириш учун);
  • мамлакатда доимий истиқомат қилувчи хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ID-карта олиш учун – доимий рўйхатда туриш жойи бўйича ички ишлар органининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига, алмаштириш учун ўз ихтиёрига кўра исталган шундай бўлинмага.  

Ягона интерфаол давлат хизматлари порталида 2020 йил охиригача ID-карта олиш учун мурожаат қилиш, электрон навбат эгаллаш ва онлайн-тўловни киритиш имконияти жорий этилади.
 
Карта ҳужжатлар топширилган пайтдан бошлаб бир иш куни давомида расмийлаштирилади, ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун эса масъул ходим томонидан 15 кунда ушбу шахсларнинг яшаш манзилига борган ҳолда расмийлаштирилади ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.  Бундан олдин ҳукумат ID-картани расмийлаштириш ва бериш учун БҲМнинг 89% миқдорида давлат божини белгилаган эди. Фармон ушбу масала бўйича “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга таянади (ҳозирча у ерда бундай ставка йўқ, муҳ.). 
 
Карта эгасининг миллати ҳақидаги маълумотлар бланкда кўрсатилмайди, балки картанинг чипига киритилади. Фуқаро ўз ID-картасини олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаган, яроқсиз ҳолга келтирган ва йўқотиб қўйган тақдирда, маъмурий жавобгарликка тортилмайди
 
Янги туғилган болага идентификация ID-карталари мажбурий берилмасдан, унинг туғилиши ФҲДЁ органи томонидан қайд этилиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим қилинганидан сўнг ота-онаси, васийлари (ҳомийлари) ихтиёрига кўра расмийлаштирилади.
 
Фуқароларнинг биометрик паспортлари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини идентификация ID-карталарига алмаштириш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда – 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра; иккинчи босқичда 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда амалга оширилади.
 
2011 йил намунасидаги Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.