ИИВ хорижий журналистни блогер Миразиз Бозоров билан боғлиқ воқеаларни нохолис ёритишда айблади
ИИВ ахборот хизмати 1 апрель куни халқаро журналист Агнешка Пикулицкани якшанба куни номаълум шахслар томонидан дўппосланган блогер Миразиз Бозоров атрофида содир бўлаётган воқеаларга нохолис ёндашиб ўзининг Twitter саҳифасида «аслида рўй бермаётган воқеаларни ёритиб келмоқда» дея айблаган баёнотини эълон қилди. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.
ИИВ баёнотига «Хорижий журналистнинг миллий қонунчиликка риоя этмаслиги мумкинми?» дея сарлавҳа қўйилган.
«Биз эътиборни 2021 йилнинг февраль ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтиб Ўзбекистонда фаолият юритаётган „Аль Жазира“ халқаро ОАВсининг мухбири Агнешка Пикулицка (Agnieszka Pikulicka)га қаратмоқчимиз. Журналист, жорий йилнинг 29 мартдан бошлаб Миразиз Бозоров атрофида бўлаётган воқеаларга нохолис ёндашиб ўзининг Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида аслида рўй бермаётган воқеаларни ёритиб келмоқда», — дейилади баёнотда.
ИИВ журналистнинг бир нечта твитлари таржимасини келтиради. 29 март куни ёзилган сўнгги твитлардан бирида айтилишича:
«Менинг йигитимни махсус хизматлар сўроқ қилишяпти, (у журналист эмас, фаол эмас, фақат кеча мен билан больницада бўлган). Бу нотўғри йўл. Ҳурматли махсус хизматлар, сизлар одамларга ўлдириш билан таҳдид қилаётган, радикаллар билан ишни ҳал этинг».
«Махсус хизматлар гейларни фаол қидиришмоқда. Одамларни расмларини кўрсатиб, уларни гейликда гумонлашяпти. Одамларга ЛБГТ жамоаси хақида маълумот тарқатишлик ҳақида босим ўтказишяпти. Эртага бошқалар ҳам сўроқ қилинади. Бу янги Ўзбекистон», — деб ёзган у ИИВ томонидан келтирилган яна бир твитда.
«Мен биламан, Махсус хизматлар менинг дўстларимдан гейлар ҳақида сўрашяпти. Мен хорижлик бўлганим учун мени сўроққа чақиришмади. Ишонинг, бу ялмоғизларга ов!», — дейилади яна бир твитда.
«Мен, унинг (Миразиз Бозоров — таҳр.) провокациялари ҳақида биламан. Лекин бу унинг оёғини синдиришга баҳона эмас. Уни гапига биз шубҳа билан қараймиз. Энди, барча уни больницада хабар олган одамларни ЛБГТ жамоага алоқадорлиги савол туғилмоқда. Менинг йигитим синиб қайтиб келди», — дейилган 30 март куни ёзилган яна бир хабарда.
Агнешка Пикулицка 31 мартдаги твитида унга қарши қилинган таҳдидлар скриншотини эълон қилади:
«Менга ҳам таҳдидлар кела бошлади. Ҳозирги кунда ҳукуматнинг расмий сиёсати шунақа одамларни қўллаб-қувватлаши шармандалик… Бу одамлар назоратдан чиқиб кетса, бу сизнинг айбингиз бўлади. Бунга сиз жавобгарсиз».
«Ниқобланган ҳолдаги шахсий адовати ёки ҳиссиётини баён этаётган мазкур журналист, маълумотларни гўёки Ўзбекистонда рўй бераётган „салбий ахборот“ сифатида бир қатор хорижий интернет нашрларига тарқатган», — дейилади ИИВ баёнотида.
«Ушбу маълумотлар ҳақиқатга мутлақо мос келмайди ҳамда мамлакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини обрўсизлантиришга қаратилганлигининг яққол мисоли», — дея таъкидлайди ИИВ матбуот хизмати.
«Мухбир Агнешка Пикулицка ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши мажбуриятини унутиб, ахборотни бузиб талқин этиб ва сохталаштириб тарқатган. Шунингдек оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилган», — дейилади ИИВ баёнотида.
«Ўзининг ҳаракатлари билан, Ўзбекистон Республикасининг „Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида“ги қонуни 6 моддаси, „Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида“ги қонуни 7-моддаси ҳамда „Оммавий ахборот воситалари тўғрисида“ги қонуни 6-моддаси талабларини бузган», — дея таъкидлайди ИИВ.
«Ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатиб, фуқароларимизнинг онгини чалғитиш, давлат органлари фаолиятига нисбатан ишончсизлик уйғотиш ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларига нохолис маълумотлар етказиб, юртимиз ҳақида салбий фикр шаклланишига сабабчи бўлишдан бу аёлга нима наф?» — дея якунланади ИИВ баёноти.
Агнешка Пикулицка бунга жавобан 2 апрель куни ўз Twitter саҳифасида «агар айбдор бўлса суд олдида жавоб беришга тайёр эканлигини, акс ҳолда вазирлик ундан узр сўрашини талаб қилишини» эълон қилди:
«Кеча Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан менга қилинган ҳужум — бу мени журналист сифатида обрўсизлантиришга уринишдир. Агар менинг фаолиятимда ОАВ тўғрисидаги қонуннинг 3 та моддаси ҳақиқатан ҳам бузилган бўлса, мен суд олдида жавоб беришга тайёрман. Акс ҳолда, вазирликдан омма олдида мендан узр сўрашини талаб қиламан».
Қайд этиб ўтамиз, Агнешка Пикулицканинг мақолалари Al Jazeera, The Guardian, Eurasianet, The Diplomat ва инглиз тилидаги бошқа ОАВлар ва Польша ОАВлари томонидан нашр этиб борилади. Шунингдек, у АҚШнинг Тошкентдаги Вебстер университетида ўқитувчи бўлиб ишлайди.
Бош саҳифадаги фотосурат: fb.com/apikulicka
Шарҳлар