Карантинда телефонлар ва банк карталарини олиб қўйиш қонуний қилиб қўйилди
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида коронавирус инфекциясига чалинганлиги гумон қилинаётган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлаш учун мослаштирилган мажмуани бошқариш бўйича махсус марказ ташкил қилинади.
Марказнинг асосий вазифаларидан бири коронавирусга чалинганлиги гумон қилинаётган шахсларни мажмуага қабул қилиш, сақлаш ва чиқаришдан иборат, дея қайд этади Адлия вазирлигининг матбуот хизмати.
Карантин маркази Тошкент шаҳар ҳокимлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган давлат унитар корхонаси шаклидаги тузилмавий бўлинмаси ҳисобланади. Карантин марказининг директори Тошкент шаҳар ҳокими томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва озод этилади.
Карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли бўлган мобил телефонлар, аудио- ва видеоқурилмалар, кредит карталари ва бошқа ахборот ташувчилар олиб қўйилади.
Карантиндаги шахсларга ташқаридан почта жўнатмалари, посилка ва ҳар қандай турдаги бандеролларни олиш тақиқланади, қуйидаги жўнатмалар бундан мустасно:
– карантинга жойлаштирилган сурункали касалликларга эга шахслар учун дори воситалари;
– даволовчи шифокорнинг тавсиясига кўра махсус парҳез маҳсулотлар;
– болалар учун озуқа ва зарур гигиена воситалари;
– қўшимча гигиена буюмлари, кийим-кечак ва адабиётлар.
Бундан олдин ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Human Rights Watch ташкилоти телефонлар ва карталарнинг олиб қўйилишини “кераксиз ва ҳаддан ташқари” чора деб атаганди.
Шарҳлар