Кечки Анҳор: 15 январь янгиликлари
Олий ўқув юртлари ва ўқув марказларида “Инсон ҳуқуқлари” махсус курсини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистонда қабул қилиниши керак бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияда сўз боради. Унда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” миллий мукофотини таъсис этиш ҳам таклиф этиляпти. Бундан ташқари, 2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистонда миллий майнинг пул пайдо бўлади. Лойиҳавий бошқариш миллий агентлигида пул аъзоларига электр энегияси учун умумий белгиланган тариф бўйича тўлаш имконияти таклиф этилишини маълум қилишди. ЛБМА маълумотларига кўра, майнинг пулни яратиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилади.
Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида маст ҳайдовчи йўл чеккасида савдо қилаётган аёлни уриб кетган. ЙТҲ 15 январь куни соат 1:55 да Лутфий ва Нурафшон кўчалари кесишмасида юз берган. Жабрланган аёл касалхонага ётқизилган, бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан ҳаётдан кўз юмган.
Шавкат Мирзиёев нотариатни ислоҳ қилиш ҳақидаги қонунни имзолади. Ҳужжатда давлат нотариал идораларини нодавлат нотариал идораларига босқичма-босқич айлантириш, Ўзбекистон Нотариал палатаси фаолиятини ташкил қилиш тартиби, унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналиши, нотариал ҳаракатларни масофадан туриб, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали амалга ошириш механизмини жорий этиш кўзда тутилган.
Наманган вилоятида содир бўлган ЙТҲда бир киши ҳалок бўлди, учтаси жабрланди. ЙТҲ 14 январь куни Наманган-Уйчи-Учқўрғон йўлининг 22-километрида юз берган. Nexia ҳайдовчиси қарама-қарши йўлга чиқиб кетган ва Намангандан Учқўрғонга қараб кетаётган Isuzu автобуси билан тўқнашган. Авария пайтида автобус салонида 30 киши бўлган.
Шарҳлар