Кечки Анҳор: 18 март янгиликлари
Тошкент вилояти маъмурияти “Сокол” оромгоҳида карантинда бўлган ўзбекистонликларнинг муаммоларини ҳал этишни ваъда қилди. Яқин кунлар ичида одамлар карантин учун мос келадиган шароитларга жойлаштирилади. Айни пайтда оромгоҳда Москвадан келган 500 га яқин ўзбекистонлик бор. Карантиндагилар шароитлардан шикоят қилмаяпти.
USAID Ўзбекистонга коронавирусдан ҳимояланиш тўпламларини тақдим этди. Халқаро ривожланиш бўйича АҚШ Агентлиги жўнатган партияда 10 мингта қўлқоп, 10,2 мингта ниқоб, 1400 та изоляцияловчи халат ва 200 та ҳимоя кўзойнаги бор.
Бу орада Қонунчилик палатаси мажлислари вақтинча бекор қилинди. Депутатлар қонунлар лойиҳаларини Телеграм гуруҳларида муҳокама қилмоқда.
Президент тўйларни ўтказиш тартибини бузганлик учун жарималар ҳақидаги қонунни имзолади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тўйлар, оилавий тантаналар, маросимларни ўтказиш тартибига қўйиладиган талабларга амал қилмаслик учун жавобгарликни кўзда тутувчи модда билан тўлдирилди. Ушбу модда 10 дан 50 гача базавий ҳисоб миқдоридаги жаримани кўзда тутади.
Ўзбекистонда жаримани кўнгилли равишда тўлаганлик учун чегирма ўрнатилди. Ҳуқуқбузарга жаримага тортилгани ҳақидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун давомида жариманинг 70% кўнгилли равишда тўланса, у жарима суммасининг қолган қисмини тўлашдан озод этилади.
Шарҳлар