Кечки Анхор: 24 январь янгиликлари

Кечки Анхор: 24 январь янгиликлари

Томскдаги ёнғинда ҳалок бўлган яна бир Ўзбекистон фуқароси ҳақида маълум бўлди. Бундан олдин 10 киши ҳалок бўлгани айтилганди. Уларнинг барчаси тахминан “Грин Вуд” компаниясининг ишчилари бўлган.
 
Humo Air авиакомпанияси “Махсус авиация ишлари авиакомпанияси” корхонаси базасида ташкил қилинади. Давлат унитар корхонасининг балансида Ан-2 самолётлари, авиация ва бошқа мулк бор. Янги авиакомпанияга 43 та Ан-2 самолётини, авиация двигателларини, авиатренажёрларни ва бошқа мулкни бериш режалаштирилмоқда. Уларнинг бир қисми келгусида сотилиши кўзда тутилган. Авиакомпанияни ривожлантириш учун инвестицияларни, шу жумладан тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этиш режалаштирилмоқда.

Март ойидан бошлаб Бухоро ва Хива ўртасидаги тезкор рейслар тикланади. Чипталар нархи 59 минг сўмдан бошланади.
 
Шавкат Мирзиёев  20 кун ичида 2020 йил дастури лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди. “Энг асосийси, ислоҳотларнинг натижаларини ҳар бир оила, барча юртдошларимиз ўзларининг кундалик ҳаётида ҳис қилишига эришишимиз керак. Бунинг учун барча даражадаги раҳбарлар, фоизлар ва рақамлар ортидан қувмасдан, ўз фаолиятларини ҳар бир кишининг ҳаётий қизиқишларини таъминлашга қаратиши шарт. Фақат шундагина бизнинг ҳурматли фахрийларимиз, азиз аёлларимиз, ёш авлод, кўп миллатли халқимиз ҳозирги демократик ислоҳотлар йўлини маъқуллайди”, – деди у.
 
Миллий боғ ҳудудида Magic City барпо этилади. Лойиҳанинг биринчи босқичида 9 га майдонда 18 та турли аттракционга эга барча мавсумда фаолият кўрсатадиган йирик оилавий кўнгилочар мажмуа қурилади. Шунингдек, ҳудудда океанариум, қаср ва дунёнинг диққатга сазовор архитектура намуналари тўплами, амфитеатр ҳамда Самарқанддаги Регистон майдонининг нусхаси пайдо бўлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.