Кечки Анҳор: 26 декабрь янгиликлари
Марказий Сайлов комиссияси кузатувчиларнинг барча фикр-мулоҳазаларини инобатга олади. “МСК халқаро кузатувчиларнинг хулосалари ва тавсиялари, сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётини янада такомиллаштириш бўйича режали ва изчил ишлар асосига ётишини ҳамда ушбу соҳада барча манфаатдор томонлар билан конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини билдиради ”, — дейилади баёнотда.
Бош прокурор соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунбузарликлар ҳақида гапириб берди. Ниғматулла Йўлдошевнинг сўзларига кўра, охирги икки йил ичида O’zmedimpeks ДУКнинг масъул шахслари 9,3 млн доллар ва 4 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-тарож қилган. Ампициллин, цефазолин, цефтриаксон ва бошқа шунга ўхшаш дорилар чет элдан бир неча баравар қимматга харид қилинган. Ушбу фактлар бўйича жиноий ишлар қўзғатилган.
Ўзбекистон Президенти инвестициялар тўғрисидаги қонунни имзолади. Хусусан, инвесторларга, барча солиқлар ва тўловлар тўланиши шарти билан, ҳеч қандай чекловларсиз ўзларининг чет эл валютасидаги пул маблағларини Ўзбекистонга эркин ўтказиш ва ундан эркин чиқариш, шу жумладан репатриация учун валюта конвертацияси кафолатланади. Инвестиция фаолияти якунланганидан кейин хорижий инвестор ўз активларини эркин репатриация қилиш ҳуқвуқига эга бўлади.
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 6-округ 130-сайлов участкасида парламентга сайловлар чоғида қоидабузарликлар қайд этилган. Хусусан, бу ерда “оилавий” овоз бериш ҳолатлари, овоз бериш кабинасида икки киши бўлиши ҳолатлари, овоз бериш жараёни якунланганидан кейин овоз бериш ҳолатлари, ахборотни якуний баённомага киритмаслик ҳолатлари аниқланган. Оқибатда баённомаларнинг “қоралама” ва “асл” нусхаларида рақамлар бир-биридан фарқ қилган. Хусусан айрим партияларда овозлар сони камайган, ЎзЛиДеП партиясида эса кўпайган.
Шарҳлар