Кечки Анҳор: 3 февраль янгиликлари

Кечки Анҳор: 3 февраль янгиликлари

Комиссия Тошкент метроси қурилишида юз берган фавқулодда ҳодиса сабабларини айтди. Қайд этиб ўтамиз, Юнусобод йўналиши қурилишида ер ўпирилиши натижасида олти нафар қурувчи ҳалок бўлганди. “Ўрганиш ишларининг натижаларига кўра, траншеяни мустаҳкамлаш чоғида йўл қўйилган камчиликлар, лойиҳадан четга чиқиш ҳамда тупроқ томонидан ёмғир сувлари ва канализация қувурларидан сизиб чиққан сувларнинг шимилиши бахтсиз ҳодисага олиб келган” — дейилади Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг хабарида.
 
Наманган вилоятида  фуқаро 1 млн доллар номиналига эга банкнотани сотишга уринган. С.Л. бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, унга чет эл банкларидан кредит олишга ёрдам беришни ваъда қилган ва унга 1 млн долларлик купюрани сотишга уринган. Фуқаро 10 минг доллар олаётган пайтда қўлга олинди.

АҚШ давлат котиби Ўзбекистон ташқи ишлар вазири билан учрашди. Майкл Помпео мамлакатдаги молиявий ислоҳотларга кўмаклашиш учун АҚШ Конгресси 1 млн доллар миқдоридаги техник ёрдамни маъқуллаганини маълум қилди. Шунингдек АҚШ худди шундай миқдордаги маблағни Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо муносабатларини кенгайтириш учун тақдим этишни режалаштирмоқда.
 
Сурхондарё вилоятида тендер асосида фото электр станцияси барпо этилади. Янги станция камида 200 МВт қувватга эга бўлиши керак. Бундан ташқари, 220 кВ кучланишга эга кичик станция ва 220 кВ кучланишли “Сурхон” кичик станциясига улаш учун узунлиги 52 км бўлган электр узатиш линияси қурилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.