Кечки Анҳор: 4 декабрь янгиликлари
Ucell компаниясининг Тошкентдаги бош офиси ёнида жойлашган автотураргоҳ ёпилди. Бу ерда Tashkent Central Park кўп функцияли мажмуи барпо этилади. Лойиҳа билан Туркиянинг Taşkent Merkez Park Gayrimenkul Yatirim Anonim Şirketi компанияси ва маҳаллий UzTur Investment and Development компанияси шуғулланади.
Сурхондарё вилоят ҳокимлиги номзодлар рўйхатини тузишга аралашганлик ҳақидаги ахборотни рад этди. Бундан олдин Хуршида Рустамова Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболовни ўзи ва яна бир нечта шахсларни депутатликка номзодлар рўйхатидан ўчириб ташлаганликда айблаганди. «Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов Термиз шаҳар Халқ депутатлари кенгашига номзодлар ҳақидаги ахборотни сўрамаган ва номзодларни илгари суриш жараёнига умуман аралашмаган», — дейилади ҳокимлик хабарида.
Фарғона вилоятида 11-синф ўқувчиси учинчи синф ўқувчисини зўрлаган. Воқеа сентябрь ойи бошида қурилиши якунланмаган участкадаги вагонда содир бўлган. Жабрланувчининг сўзларига кўра, катта синф ўқувчиси, агар бу ҳақда кимдир билиб қолса, уни пичоқлашини айтиб қўрқитган. Айбдорга нисбатан нисбатан уйда хибсда сақлаш кўринишидаги олдини олиш чораси танланди.
Санкт-Петербург шаҳрида ўзбекистонлик Абдуманнон Қаршиев ёнаётган автобусдан йўловчиларни эвакуация қилган. 1 декабрь куни Приморское шоссесида 211-йўналиш автобуси ёнган. 50 нафар йўловчидан ҳеч бири жабрланмаган.
Адлия вазирлиги Фарғона ҳокимининг бир нечта хусусий мулк объектини шаҳар ҳокимлиги захирасига олиб қўйиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритди. Хусусан, шаҳар ҳокимининг 19 сентябрдаги 965-сонли қарори билан Constant Trading МЧЖ ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга тегишли мулклар олиб қўйилганди. Фарғона шаҳар ҳокими ушбу кўчмас мулк объектлари узоқ вақт давомида фойдаланилмаганлиги кўрсатган ҳолда ўз қарорини асослаган. Адлия вазирлигида буни мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш деб аташди.
Шарҳлар