Келаси ўқув йилидан бошлаб мактаб дастурига “саломатлик сабоқлари” киритилади
Президент “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат билан 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб мактабгача таълим ташкилотларида “Шахсий гигиена ва жисмоний тарбия асослари” машғулотларининг ўтказилиши белгиланди.
Хусусан, республика умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув дарсларини қайта кўриб чиққан ҳолда 1-4-синфлар учун “Тарбия” ва “Атрофимиздаги олам” фанлари, юқори синфлар учун “Биология” фани таркибида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича “Саломатлик сабоқлари” мавзулари киритилади.
Академик лицей, профессионал ва олий таълим муассасаларининг “Жисмоний тарбия” фани доирасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича машғулотлар ўтказилади.
Тиббиёт техникумларида валеолог, диетолог, нутрициолог мутахассисликларини тайёрлаш, нутрициолог ва диетолог магистратура (интернатура, клиник ординатура) мутахассисликларини 1 йиллик ўқув дастурлари асосида тайёрлаш йўлга қўйилади. Тиббиёт олий таълим муассасаларида бакалавриат, клиник ординатура, магистратура, тиббиёт коллежлари ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларининг барча йўналишларида тўғри овқатланиш мавзулари алоҳида циклда ўқитилади.
Шарҳлар