Коронавирус туфайли бюджетни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистонга қарийб 1 млрд доллар зарур бўлади
Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан коронавирус пандемияси туфайли бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 1 млрд долларгача маблағ сўради. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
1 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков видеоконференция форматида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Президенти М.Асакава билан Ўзбекистон Республикасида коронавирус тарқалишидан аҳолини ҳимоялаш ва глобал пандемиянинг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларига таъсирини юмшатиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда мазкур масалаларда ОТБнинг Ўзбекистонга кўрсата оладиган ёрдами механизмларини муҳокама қилди.
Суҳбат чоғида М.Асакава ушбу ўта оғир пайтда Ўзбекистонни COVID-19 га қарши курашишга маблағ жалб қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётнинг барқарор ишлашини таъминлаш орқали ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.
Ҳозирги вақтда ОТБ Ўзбекистоннинг вирус тарқалиши билан боғлиқ тиббий эҳтиёжлари учун 200 минг АҚШ долларига тенг миқдорида грант ажратилишини маъқуллади. Шунингдек Банк томонидан, Республика соғлиқни сақлаш тизимини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган қўшимча маблағларни жалб қилиш истиқболлари кўриб чиқилмоқда.
Шарҳлар