Коронавирусдан вафот этган мусулмонлар шариат бўйича дафн этилади
Коронавирусдан вафот этган маййитларни ювиш, кафанлаш ишлари шариат талабларига мувофиқ амалга оширилади, аммо бу ишларни санитарлар бажаради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан мазкур масала бўйича Мисрнинг “Дорул-ифто” фатво уюшмаси фатвоси, Азҳар уламолари кенгаши фатвоси, Туркия диёнат ишлари бошқармаси фатволарини ўрганиб чиқиб, ана шундай фатвони эълон қилди.
«Ислом динида бирор мусулмон вафот этса, уни шариат кўрсатмасига биноан ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга буюрилган. Ушбу амалларни бажариш жараёнида одамга зарар етиш эҳтимоли мавжуд бўлса, “исломда зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” ва “машаққат енгилликни жалб қилади” каби фиқҳий қоидаларига биноан, мазкур амалларни ижрочиларга зиён-заҳмат етказмаган шаклда бажаришга рухсат берилади. Чунки билиб туриб жонини хавф-хатарга қўйиш – ўзини ҳалокатга ташлашдир», – дейилади фатвода.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўзаро маслаҳат асосида, карантин ҳолатида маййитни имкон қадар шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга ҳаракат қилинади. Бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили иштирок этади.
Коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн маросимини фақат яқин қариндошлари вакиллари иштирокида қилиш лозимдир. Дафн маросимида иштирок этувчилар тиббий кўрсатмаларга амал қилишлари, жумладан, ниқоблар ва қўлқоплардан фойдаланишлари ҳамда маросимдан сўнг карантин талаблари асосида дезинфекция ва шахсий гигиена амалларини бажаришлари лозим.
Шарҳлар