Коррупцияга қарши курашиш органи қурилиш вазирининг қариндошлари билан боғлиқ компания воқеасини ўрганмоқда

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг бошқарма бошлиғи Зухриддин Қодировнинг маълум қилишича, қурилиш вазирининг қариндошларига алоқаси бўлган «Трест-12» компанияси томонидан 431,5 млрд сўмлик давлат буюртмасининг олиниши билан боғлиқ масалани ўрганиш ишлари бошланган, деб ёзади Kun.uz нашри.

Ўрганиш ишлари давомида, «Трест-12» компанияси Мустақиллик майдонидаги 431,5 млрд сўмлик лойиҳа пудратчиси сифатида танлангани аниқланган. Компания таъсисчилари орасида қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва рафиқаси ҳам бор. Вазирга алоқадор фирма 10 йил ичида 800 млн доллардан ортиқ қийматдаги қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарган. Улар орасида йирик давлат буюртмалари ҳам талайгина: Вазирлар Маҳкамаси, Сенат, Молия вазирлиги бинолари, «Бунёдкор» стадиони ва Ислом цивилизацияси маркази шулар жумласидан.

«Газета.uz»нинг ёзишича, Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси 2019 йил 9 июль куни «Трест-12» компанияси билан буюртма шартномаси имзолаган. Шартнома имзоланган вақтда лойиҳа қиймати 207,82 миллиардга баҳоланган, уни тамомлаш санаси эса 2020 йил 31 декабрга кўрсатилган. Молиялаштириш манбаси тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан.

2021 йил 29 март куни томонлар шартнома қийматини 431,52 миллиард сўмга оширишни кўзда тутувчи қўшимча шартнома тузган. Маблағнинг 113,6 млрд сўми 2019-2020 йилларда тўлаб берилган.

2GIS сервиси харитасига кўра, Шароф Рашидов шоҳкўчасидаги 5-уй –Мустақиллик майдонидаги «Эзгулик» аркаси ва Вазирлар Маҳкамаси орасида жойлашган 14 қаватли маъмурий бино. Илгари бу ерда Молия, Халқ таълими ва Маданият вазирликлари жойлашганди.

Ҳозирда бу бинода қайси идора ёки вазирлик жойлашгани номаълум. Давлат харидлари порталида жойлаштирилган ҳужжатларга кўра, реконструкцияни лойиҳалаштириш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат хавфсизлиги хизмати моддий-техник базасини яхшилаш тўғрисида»ги 307-қарори асос қилиб келтирилган (ҳужжат очиқ манбаларда берилмаган).

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, «Трест-12» компанияси 1994 йил 7 декабрда рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури – нотурар бинолар қуриш. Раҳбар сифатида Фахриддин Назиров кўрсатилган. Акциядорлар орасида Тошкент ҳокимияти (51,1 фоиз), Муаззам Саидахматовна Зокирова (19,1 фоиз), Жасур Ботирович Зокиров (14,1 фоиз), Муҳайё Октябревна Зокирова (13,1 фоиз) ва яна 12 нафар жисмоний шахс кўрсатилган (2,6 фоиз).
 
«Трест-12» компанияси турли йилларда Вазирлар Маҳкамаси биноси реконструкцияси (2001), Сенат маъмурий биноси (2004), Молия вазирлиги биноси (2005), Сингапур менежментни ривожлантириш институти (2008) бинолари, «Бунёдкор» стадиони (2012), HYATT Regency меҳмонхонаси (2016) ва бошқа биноларни (2017 йилгача бўлган лойиҳалар компания сайтида берилган) қуриш билан шуғулланган. Компания жами 225дан ортиқ лойиҳани амалга оширгани хабар қилинган.

Охирги лойиҳалар орасида компания тендерсиз бош пудратчи этиб белгиланган Ислом цивилизацияси маркази қурилишини кўрсатиш мумкин. 2020 йил октябрь ҳолатига, лойиҳа қиймати 988,2 млрд сўм деб баҳоланган (жумладан, тадбиркор Алишер Усмонов ҳисобидан ҳам молиялаштирилган).

2020 йилда «Трест-12» хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш орқали оммавий савдоларда тўлиқлигича давлат акция пакетлари (улушлари) сотиладиган корхоналар рўйхатига киритилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.