Кураш 2028 йилгача Олимпиада дастурига киритилади
Президент “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар беради.
Ҳужжат билан кураш миллий спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди:
- курашга аҳолининг барча қатламларини кенг жалб этиш ва курашни умумхалқ спорт турига айлантириш;
- курашни оммалаштириш, уни жаҳон спорти дурдонасига айлантириш ва Халқаро Олимпиада ўйинлари дастурига киритиш;
- кураш машғулотлари учун зарур бўлган моддий-техникавий базани ва инфратузилмани шакллантириш;
- ўзбек кураши брендини яратиш, кураш учун “яктак” спорт экипировкасини ва “гилам” ишлаб чиқариш, курашни тижоратлаштириш учун чора-тадбирлар кўриш ва бошқалар.
Шунингдек, 2020 йилдан ҳар йили бир марта давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида “Ўзбек полвони” республика мусобақаси ўтказилади.
2021–2025 йилларда кураш маҳорат мактаблари босқичма-босқич ташкил этилади.
2021/2022 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, мактаб-интернатлари ва спорт мактабларида кураш бўйича ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари 2 бараварга оширилади.
Бундан ташқари, кураш миллий спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси тасдқиланди.
Концепцияда, жумладан, 2028 йилда курашнинг Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киришига эришиш кўзда тутилган.
Шарҳлар