Махсус хизмат Қозоғистонга ноқонуний тарзда 1 млн АҚШ доллари олиб чиқиб кетилишига чек қўйди
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Ўзбекистон” локомотив депосининг 2 нафар машинисти “Чуқурсой-Сарағоч” йўналишида ўзлари бошқариб кетаётган юк поезди электровозининг хуфиёна жойларида 971 минг 50 АҚШ доллари, 47 минг 720 евро, 3 млн. 424 минг 500 россия рубли миқдоридаги пул маблағларини яширган ҳолда Қозоғистон Республикасига олиб ўтмоқчи бўлганларида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Ушбу хорижий валюталарнинг миллий валютадаги умумий қиймати 11 млрд. 277 млн. 447 минг сўмни ташкил этади.
Дастлабки суриштирув жараёнларида Қозоғистон Республикасига олиб ўтиш учун мазкур валюталарни машинистларга Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи фуқаро берганлиги маълум бўлиб, тезкор тадбир давомида у ҳам қўлга олинди. Хорижий валюталарни қўшни давлатга ноқонуний ўтказиб бериш эвазига машинистлар 300 АҚШ доллари олишган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг 182-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида ушбу пул маблағларининг ҳақиқий эгаларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шарҳлар