Метронинг Юнусобод йўналишида содир бўлган фавқулодда ҳодиса бўйича жиноий иш март ойида тўхтатилган

2019 йилнинг декабрида Тошкентда Юнусобод метро линияси қурилиши участкасида содир бўлган фавқулодда ҳодиса юзасидан жиноят иши айбдорлик масаласи ҳал этилмасдан бекор қилинган. Бу ҳақда «Газета.uz» нашрига Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Икром Наримов маълум қилган.

Дастлабки тергов давомида иш бўйича йиғилган материаллар ҳамда қурилиш ва давлат назоратини амалга ошириш бўйича тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда қурилиш-техник суд экспертизаси ўтказилган.
 
Экспертиза хулосасига кўра, Юнусобод метроси бекатининг туннели ўнг томонининг темир-бетон конструкцияси қулаб тушганига туннелни очиқ усулда ковлашда техник хавфсизлик қоидаларининг бузилганлиги ва қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилганлиги сабаб бўлган. Бу масъул шахсларнинг жараённи етарлича назорат қилмаганлиги натижасида содир бўлган. 
 
Масъул шахслар:
·         «Кўприк қурилиш инвест» УК 67 рақамли қурилиш отряди бошлиғининг ўринбосари Отабек Алимов;
·         отряд иш юритувчиси Саидбек Бобожонов;
·         отряднинг қурилиш бўйича устаси Салохиддин Ашуров;
·         «Тошкент метрополитени» УКнинг «Тошкент метрополитени линияларини қуриш дирекцияси"иш юритиш бўлимининг қурилиш-монтаж ишлари бўйича бош инспектори Баходир Мухамадраҳимов. 

Шаҳар прокурори биринчи ўринбосарининг хатида Юнусобод метро линиясининг қурилишида рўй берган фожеа юзасидан ЖКнинг 257-моддаси 2- қисми «а» банди (Техника хавфсизлиги, саноат санитарияси ёки меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларини шу қоидаларга риоя этилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши одам ўлишига сабаб бўлса), 258-модда 2-қисми «а» банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу жиноятлар «катта жамоат хавфсизлигини келтириб чиқармайдиган» турига киради.

«Аниқланган қоидабузарликлар эҳтиётсизлик оқибатида содир этилганлигини инобатга олган ҳолда юқорида қайд этилган шахслар ўзларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишни айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатишни сўраб мурожаат қилишган», дейилади хатда.

Бундан ташқари, Меҳнат вазирлигининг махсус тузилган комиссияси хулосасига кўра, иш берувчи ҳалокатда вафот этганларнинг оила аъзоларига етқазилган зарарни қоплаган. Таъкидланишича, оилалар томонидан эътирозлар мавжуд эмас.

«„Ўзбекистон темир йўллари“ АЖ бошқарувининг юқоридаги ходимларга берган ижобий тавсифномасини инобатга олган ҳолда 2020 йил 18 март куни Ўзбекистон жиноят кодексининг 84-моддаси 5-қисм 2-бандига асосан (ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса) жиноят иши тугатилди», — дейилади хабарда.
 
Эслатиб ўтамиз, бир йил муқаддам — 2019 йилнинг 18 декабрь куни — Тошкентдаги метро қурилиши участкасида ер ўпирилиши рўй бериб, тупроқ қулаши оқибатида 6 киши ҳалок бўлган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.