Миллиардер Алишер Усмонов Сирдарё вилоятида сув тошқинидан жабрланганларга ёрдам сифатида 10 млн доллар ажратди

Миллиардер Алишер Усмонов Сирдарё вилоятида сув тошқинидан жабрланганларга ёрдам сифатида 10 млн доллар ажратди

Россиялик тадбиркор, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов Сирдарё вилоятида содир бўлган сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам бериш учун 10 млн доллар маблағ ажратди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Усмоновнинг Ўзбекистон Президентига юборган хатига таянган ҳолда хабар беради.

«Болалигим ва ўсмирлигим ўтган она еримдаги ўз ака-укаларим ва опа-сингилларим билан ҳозирги эпидемиологик қийинчиликларга шерик бўлар эканман, мен алоҳида оғриқ билан Сардоба сув омборида юз берган фожиа ҳақида ва одамларимиз муносиб тарзда ва мардлик билан кутиб олган синовлар ҳақида билдим», — дейилади хатда.

«Худонинг ўзи мени муқаддас Рамазон ойида, биз муҳтожларга алоҳида меҳр-шавқат ва ҳамдардлик билдиришимиз керак бўлган пайтда Ватанимга олиб келди. Биз ҳар доим қувончли дақиқаларда ҳам, қийинчиликлар ва кулфатлар даврида елкама-елка туриб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Мен халқимнинг тақдирига бефарқ ва лоқайд қараб туролмайман ва жабрланганларга ёрдам бериш, уларнинг ҳаётини тиклаш ва яхшилаш, сув тошқини оқибатларини тезроқ бартараф этиш учун 10 млн доллар тақдим этаман», — дейилади хатда.

Шунингдек, Алишер Усмонов  Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтаарал туманида сув тошқини натижасида эвакуация қилинган фуқароларга – 30,42 минг кишига ёрдам сифатида 5,202 млн доллар ўтказди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.