Mimar Group компанияси Янгиҳаёт туманидаги кичик саноат зонасини қуриш лойиҳалари танловида ғолиб бўлди
Бугун бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлиги остида “Сергели индустриал парк” кичик саноат зонаси фаолиятини ривожлантириш бўйича Ишчи гуруҳнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Янгиҳаёт туманидаги “Сергели индустриал парк”и объектларини лойиҳалаш, қуриш ва сотишни ташкил этиш бўйича танловга талабгорлардан келиб тушган таклифлар кўриб чиқилди. Очиқ танловда учта йирик қурилиш корхонаси ўз лойиҳалари билан иштирок этди.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг яширин овоз бериши натижаларига кўра, Mimar Group МЧЖ ғолиб деб тан олинди, дея хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати.
“Mimar Group МЧЖ лойиҳасида асосан ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш, меҳмонхона, логистика ҳамда маъмурий бинолар қурилиши режалаштирилган. Хусусан, режага кўра, тадбиркорлар ва харидорларга қулай логистика хизматлари кўрсатиш учун 12 400 квадрат метрли божхона омбори ва логистика маркази қуриш назарда тутилган.
Шунингдек, лойиҳа доирасида камида 13 000 янги иш ўрни яратилади ҳамда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун компания томонидан 116 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилади”, дейилади хабарда.
Шарҳлар