Тошкент шаҳар ҳокими келаси йил учун мўлжалланган вазифалар ҳақида гапириб берди

19 декабрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгашларининг йиғилиши ўтказилди. Унда шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев мурожаат билан чиқиб, келаси йилга мўлжалланган вазифалар ҳақида гапирди, дея хабар беради  Anhor.uz мухбири.

2021 йилга 750 дан ортиқ янги лойиҳа режалаштирилган, 22 мингдан ортиқ иш ўрни, кичик ва ўрта бизнес бўйича 15092 та янги субъект яратилади.

Мамлакат Мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан Ислом цивилизацияси марказининг биноси, метро қурилишининг иккинчи босқичи (“Олмазор” бекати Қўйлиқ бозори билан боғланади), Яккасарой туманидан Сирғалига олиб борадиган янги автойўл фойдаланишга топширилади.

Август ойининг охиригача шаҳар транспорт тизимида умумий узунлиги 30 км бўлган иккита замонавий METROBUS линияси ишга туширилади.
 
Қорасув канали орқали (Мирзо Улуғбек, Миробод ва Яшнабод туманлари орқали) узунлиги 4,5 км бўлган сайр хиёбонини яратиш кўзда тутилган.

Янги йилда коммунал хўжалик соҳасида 7.8 км янги ичимлик сув таъминоти тармоқларини ишга тушириш, узунлиги 64,7 км бўлган совуқ сув таъминоти тармоқларини капитал таъмирлаш режалаштирилмоқда. Газ соҳасида 23,4 км лик эскирган тармоқларни капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.


 
IT  соҳасидаги илмий ишлар маҳаллий бюджетлардан молиялаштирилади, 2021 йилда барча туманларда IT-марказлар ишга туширилади, дея қайд этади ҳоким.
 
Шунингдек, 2021 йилда иккита янги мактаб қурилади, 12 та мактабда капитал таъмирлаш ишлари ўтказилади. Шайхонтоҳур туманидаги 82-сонли ўрта мактаб базасида ихтисослашган футбол мактаби ташкил қилинади.

12 та марказий йўлда 50 км пиёдалар юриш йўли ва велойўлка қурилиши режалаштирилган, 128 та маҳаллада кичкина спорт майдончалари пайдо бўлади. 2021 йилда Чилонзор, Сирғали, Олмазор, Яшнабод туманларида янгидан қурилган кўп қаватли уйлар атрофида ёшларнинг тўлақонли ҳордиғини таъминлаш, уларни спортга ва соғлом турмуш тарзига жалб этиш мақсадида 13 та кичик спорт майдони ва 6 та тренажёр зали ташкил қилинади.

Барча туманларда ёшларни иш ўринлари билан таъминлаш учун кичик саноат зоналари барпо қилинади. Бундан ташқари, Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Сирғали ва Янги ҳаёт туманларида замонавий ёшлар марказлари қурилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.