Митинглар тўғрисидаги янги қонун лойиҳасида флешмоблар ва пикетларни тартибга солиш таклиф этилмоқда

Митинглар тўғрисидаги янги қонун лойиҳасида флешмоблар ва пикетларни тартибга солиш таклиф этилмоқда

Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган митинглар тўғрисидаги қонун лойиҳасида митинглар ва намойишларни конституцион тузумни тажовузкорлик йўли билан ағдариш, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғаш, зўравонлик ва урушни тарғиб қилиш мақсадида ўтказиш тақиқланиши қайд этилади. Қонун лойиҳасида “флешмоб” ва “пикет” тушунчаларига таъриф берилган.
 
Шу билан бирга, ниқоб ва улар шахсини визуал аниқлашни қийинлаштирувчи ва бошқа воситалардан фойдаланиш, шунингдек инсон ҳаётига тахдид солиши ва соғлиғига шикаст етказиши ҳамда атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатувчи қурилмалар (шу жумладан, қўлбола), санчувчи ёки кесувчи предметлар ҳамда қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа буюмларларни, тез аланга оладиган, ёнувчан, ўткир, кучли таъсир қилувчи, заҳарли моддалар, пиротехника буюмлари, радиоактив ва бошқа моддалар, буюмлар ҳамда маҳсулотларни ёнида олиб юриш ва ундан фойдаланиш; алкоголь ичимликлар, гиёҳванд моддалар ёки бошқа моддалар таъсири остидаги маст ҳолатда уларда иштирок этиш, шунингдек спиртли ичимликлар, психотроп ва инсон иродаси ва ақлий фаолиятига таъсир кўрсатувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиш ҳам тақиқланган.

Бундан ташқари, қуйидаги ҳолатларда митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш тақиқланади:
 

– Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бошланишидан бир кун аввал ва сайлов куни сайлов участкаси ёпилгунга қадар;
 
– референдум ўтказилишидан бир кун олдин ва сайлов участкаси ёпилгунга қадар;
 
– Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг алохида қарорлари асосида ўтказилаётган муҳим давлат аҳамиятига молик халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш давомида, улар ўтказиладиган шаҳар ва туманлар ҳудудларида.
 
Қуйидаги шахслар митингга ташкилотчилик қила олмайди:

суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар;

психиатрия ёки наркология муассасаларида рўйхатда турган шахслар;

судланган, озодликдан маҳрум этилганлар сақланадиган жойда ва пробация хизмати назоратида бўлган шахслар;

оммавий тартибсизликларда иштирок этганлиги, давлатга хоинлик қилганлиги, конституциявий тузумга тажовузкорлик қилганлиги, экстремистик ва террорчилик жиноятларини содир этганлиги, митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлиги учун озодликдан маҳрум этилган ва судланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар;

республика ҳудудида фаолияти тугатилган ёки рўйхатдан ўтмаган, шунингдек қонунда белгиланган тартибда фаолияти тўхтатилган нодавлат нотижорат ташкилотининг аъзоси ёки раҳбари ҳисобланган шахслар.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш учун ариза ташкилотчи (ташкилотчилар) ёхуд уларнинг вакили (вакиллари) томонидан маҳаллий ижро этувчи хокимият органларига ёзма ёки электрон шаклда, митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишигача ўн беш иш кунидан кам  бўлмаган муддатда тақдим этилиши лозим. Митинг,йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш учун берилган мурожаатнинг мазкур Қонун талабларига мувофиқлиги маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари томонидан ўн иш куни давомида кўриб чиқилади

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида, қуйидаги объектлар ва ҳудудлардан 300 метргача масофада митинг, йиғилиш ва намойишлар учун, шунингдек, иштирокчиларнинг ҳаракатланиш йўналиши учун жой ажратиш тақиқланади:

  • давлат хокимияти ва бошқарув органларининг маъмурий бинолари, маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳарбийлаштирилган, ўта муҳим ва тоифаланган объектлар;
  • чет эл дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар  бинолари;
  • судлар ва жазони ижро этиш муассасалари  бинолари;
  • ҳаво, темир йўл, сув ва автомобиль транспорти тизимига тегишли бинолар, иншоотлар ва ҳудудлар;
  • чегара зоналарига ва қўриқлашнинг алоҳида турларига тегишли ҳудудлар;
  • ижтимоий объектлар жойлашган бино ва ҳудудлар (таълим, тиббиёт, болалар муассасалари  ва бошқа муассасалар;
  • дафн этиш жойлари ва диний ташкилотлар жойлашган жойлар;
  • оммавий ахборот воситалари жойлашган бинолар;
  • тарихий ва маданий ёдгорликлар;
  • хусусий мулк объектларига тааллуқли бўлган бино ва ҳудудлар.

Бевосита тарихий ва маданий ёдгорликлар ҳисобланган объектлар жойлашган ҳудудларда митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун жой ажратишда,  Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда рухсат берилади.
 
Митинг, йиғилиш ва намойишларни ҳафтанинг иш кунлари соат кундузи 10:00дан 18:00гача вақт оралиғида ўтказишга рухсат берилади. Митинг, йиғилиш ва намойишлар давомийлиги икки соатдан ошмаслиги лозим.
 
Хорижий давлатлар, халқаро, хорижий нохукумат ва нотижорат ташкилотлар томонидан, ёҳуд уларнинг топшириғига асосан бошқа шахслар томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш  ва ўтказиш учун  молиялаштириш ва мулк тақдим этишга рухсат берилмайди. Фуқароларни моддий рағбатлантириш эвазига митинг, йиғилиш ва намойишларга жалб қилиш тақиқланади.
 
Митинг, йиғилиш ва намойишларни тўхтатиб туриш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ички ишлар органлари вакиллари томонидан ташкилотчи ва иштирокчиларга (ташкилотчи йўқлигида) митинг, йиғилиш ва намойишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида, унинг сабаблари асослантирилган, ижро этиш вақти белгиланган кўрсатма берилади.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.