Молия вазирлиги карантин касалхоналарининг қиймати ҳақидаги таҳририят сўровига жавоб берди

Молия вазирлиги карантин касалхоналарининг қиймати ҳақидаги таҳририят сўровига жавоб берди

29 май куни Anhor.uz сайтида карантин касалхоналари Ўзбекистонга қанчага тушгани ҳақидаги мақола чоп этилганди. Молия вазирлигининг матбуот хизмати, Президент иматбуот хизмати ва давлат харидлари портали карантин касалхоналарининг қиймати ҳақида турлича маълумотларни берганди. Қуйида 25 май куни Молия вазирлигига юборилган таҳририят сўровига жавобни тақдим этамиз.
 
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ЎзР Молия вазирлигига Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан соғлиқни сақлаш объектларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлашга зарур маблағларни ажратиш топширилди.

Хусусан, 2020 йил 1 июнь ҳолати бўйича Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги тадбирларга маблағ ажратилган:

Зангиота туманида 2000 ўринли ихтисослашган касалхона қурилишига – 285,8 млрд сўм;

Юқоричирчиқ туманида 20 000 ўринли карантинга жойлаштирилган шахсларни вақтинчалик сақлаш учун мўлжалланган мажмуа қурилишига – 181,8 млрд.сўм;

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида замонавий диагностика лаборатория мажмуаси қурилишига – 9,4 млрд.сўм.

Айтиш жоизки, юқоридаги тадбирларнинг молиялаштирилиши бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги 305-сонли қарори билан тасдиқланган Объектлар қурилишини бир вақтнинг ўзида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бирга амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ, параллель лойиҳалаштиришга эга объектлар қурилиши мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлигини таъминлаш, табиий ва экологик офатлар оқибатларини бартараф этиш ҳамда бошқа шошилинч давлат эҳтиёжларини ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар билан боғлиқ алоҳида ҳолатлардагина амалга оширилиши мумкин.
 
Бунда параллел лойиҳалаштиришга рухсат этилган даврга шартнома қиймати лойиҳа ташкилоти томонидан шунга ўхшаш объектларни таҳлил қилиш методи ёрдамида тузиладиган объектни қуриш қийматининг дастлабки ҳисобидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Бунда амалдаги қонунчиликка мувофиқ Молия вазирлиги объект ва қурилиш-монтаж ишларининг умумий қийматини белгилашда қатнашмайди», – дея қайд этади вазирлик матбуот хизмати.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.