Карантин касалхоналари Ўзбекистонга қанчага тушди
Март ойи якунида Ўзбекистонда учта карантин касалхонаси қурилиши ҳақида эълон қилинди: иккитаси Тошкент вилоятида ва биттаси Тошкентда. Яқинда Молия вазирлиги карантин касалхоналарини қуриш ишларига 487 млрд сўм сарфлангани ҳақидаги маълумотни чоп этди. Куни кеча эса Президент матбуот хизмати Зангиота туманидаги касалхонанинг лойиҳа қиймати 504 млрд сўмни ташкил қилганини маълум қилди. Давлат харидлари порталидаги маълумотларга қарайдиган бўлсак, режалаштирилган учта карантин касалхонаси Ўзбекистонга 613,2 млрд сўмга тушган. Бундай тарқоқ маълумотлар муайян чалкашликни келтириб чиқармоқда.
Тошкент вилоятининг Зангиота тумани
Давлат харидлари сайтида чоп этилган ҳужжатларга кўра, 26 март санасига “1000 ўринли” объектнинг дастлабки қиймати 106,48 млрд сўмни ташкил қилган. Икки ҳафта ўтмасдан, 7 апрель куни объект буюртмачиси сифатида чиқаётган Тошкент ҳокимлиги пудратчи «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК билан қўшимча келишувни имзолайди ва объектнинг дастлабки қиймати нархи бирданига икки бараварга – 245,87 млрд сўмга ошиб кетади.
Шартномага кўра, объект шу йилнинг 1 октябрида фойдаланишга топширилиши керак эди, бунда пудратчи ишларни муддатидан олдин якунлаш ҳуқуқига ҳам эга бўлган.
Яна бир пудратчи сифатида Enter Engineering компанияси чиқди, бироқ бу компания билан ким пудрат шартномасини имзолагани ҳақидаги маълумотларни топа олмадик. Шу боис ушбу пудратчилар орасида иш ҳажмлари қандай тақсимланиши номаълум.
Шунингдек карантин касалхонаси Вазирлар Маҳкамасининг 25 мартдаги 181-сонли қарорига мувофиқ қурилаётгани, бироқ бу ҳужжат очиқ матбуотда ҳозирча эълон қилинмагани ҳам эътиборни тортади.
Бунда xarid.uz сайтига жойлаштирилган бошқа бир ҳужжатда пудрат шартномаси тузилган пайтда қурилишнинг умумий қиймати (шу жумладан пудратчининг харажатлари) 250,1 млрд сўмни ташкил қилгани қайд этилади. Ҳужжатда саналар қўйилмаган, аммо бир нечта масъул шахснинг имзоси бор.
Зангиота туманидаги карантин зонаси 10 000 ўринга мўлжалланганди. Ҳужжатда “10000 ўринли” тиббий муассасасанинг умумий қиймати (пудрат шартномасини тузиш пайтига) 500,29 млрд сўмни ташкил қилиши қайд этилади. Бу ерда ўз-ўзидан саволлар туғилади – агар 1000 ўрин учун 245,87 млрд сўм бўлса, унда 10 000 ўринга (ўн баравар кўп) бор-йўғи 500,29 млрд сўм сарфланадими? Ёки бу ерда биринчи шартномага кейинги қурилиш учун замин яратишга пуллар қўйилган. Шаффоф эмаслик ҳар доим саволларни келтириб чиқаради.
Бунда ҳужжатларда қиймт лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, у бўйича экспериза ва тердер савдолари ўтказилганидан кейин белгиланиши қайд этилади.
Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати эса мутлақо бошқа суммани эълон қилди. Унга кўра лойиҳанинг умумий лойиҳа қиймати 504 млрд сўмни ташкил қилади. Бунда сўз касалхона 2000 ўринга мўлжаллангани, зарур бўлганида эса 4000 ўрингача ўзгартирилиши мумкинлиги айтилади. Касалхонани Ўзбекистон Президенти кўзда кечирди.
Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманидаги 20 минг ўринлик мажмуа
Объектнинг шартномада кўрсатилган дастлабки қиймати 194,2 млрд сўмни ташкил қилади. Бошқа ҳужжатда пудрат шартномаси тузилиш пайтига қурилишнинг умумий қиймати 199,3 млрд сўм экани қайд этилган. Бу ерда яна нархлардаги ўзгаришларни ошиш томонга кўряпмиз – 5 млрд сўмга кўп – иштаҳа ёмонмас. Ушбу қурилишда устав жамғармаси бор-йўғи 15 млн сўмни ташкил қилувчи Obod Shahar Qurish компанияси бош пудратчи сифатида чиқмоқда – бу сумма кичик қурилиш механизмларининг қийматидан ҳам паст бўлиб, унча қиммат бўлмаган офис мебелеининг қийматини ташкил қилади, холос.
Агар Зангиота карантин касалхонаси билан таққослайдиган бўлсак, унда 20 000 ўрин 10 000 ўринга қараганда икки ярим баравар арзонга тушмоқда. Ўқувчиларимизга кимдир объектларни барпо этиш қиймати билан боғлиқ бу ребусларини тушунтиришига умид қиламиз.
Пудрат шартномасига кўра, мажмуа бўйича ишлар 2020 йил 1 сентябргача якунланиши керак, олдинги ҳолатдаги каби пудратчи бу ерда ҳам ишларни муддатидан олдин бажаришга ҳақли.
Тошкентнинг Чилонзор туманидаги карантин касалхонаси
Чилонзор туманидаги касалхонанинг бош пудратчиси – ЎзР Президенти аппаратининг ишлар бўйича бошқармаси қурилиш бирлашмаси. Давлат харидлари сайтида пудрат шартномаси мавжуд эмас, аммо шунга қарамасдан бошқа ҳужжатлардан шу келиб чиқадики, шартномага қўшимча келишув имзоланган. Унга кўра, объект қиймати 9,8 млрд сўмга етган. 2020 йилга мўлжалланган қурилишларнинг манзилли рўйхатида пудрат шартномаси тузилган пайтга қурилишнинг умумий қиймати 13,2 млрд сўмни ташкил қилгани қайд этилади. 26 май куни таҳририят Тошкент шаҳар ҳокимлигига ушбу касалхона нечта ўринга мўлжаллангани ҳақида сўров юборганди, аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ.
Молия вазирлигига сўров
25 май куни таҳририят учта объектнинг қиймати ҳақида изоҳ беришни сўраб Молия вазирлигига ҳам мурожаат қилди. Маблағлар сарфланишининг самарадорлигини назорат қилиш қандай амалга оширилишини билишни истардик. Ахир, бундай олиб қараладиган бўлса, бу маблағларнинг ҳаммаси солиқ тўловчиларнинг пуллари. Кутамиз.
Шарҳлар