Монополияга қарши курашиш қўмитаси: Оролда артемия цистасини етиштириш бўйича давлат корхонасини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ эмас

Монополияга қарши курашиш қўмитаси: Оролда артемия цистасини етиштириш бўйича давлат корхонасини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ эмас

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида артемия цистасини овлаш ва қайта ишлашни самарали ташкил ва янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси юзасидан қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш бўйича хулосаси тақдим этилди.

Мазкур қарор лойиҳасида Мўйноқ тумани ҳокимлиги ҳузурида “Орол артемия саноат” давлат унитар корхонасини ташкил этиш ва Орол денгизининг Ўзбекистон Республикасига тегишли барча қисмини артемия цистасини овлаш ва қайта ишлаш тармоғини ривожлантириш учун 2020 йил 1 апрелдан бошлаб белгиланган тартибда “Орол артемия саноат” ДУКга доимий алоҳида фойдаланиш учун ўтказиш назарда тутилган.

Ваҳоланки, бугунги кунда Мўйноқ туманида артемия цисталарини овлаш, қуритиш, қайта ишланган маҳсулотни эскпорти билан 23 та субъектлар шуғулланиб келмоқда.

Иқтисодиётда давлатнинг иштирокини камайтириш, рақобат мавжуд соҳаларда давлат унитар корхоналарини давлат тасарруфидан чиқариш
ва хусусийлаштириш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан:

биринчидан, мазкур бозорда (артемия цистаси етиштириш ва сотиш) давлат унитар корхонасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги;

иккинчидан, Орол денгизининг Ўзбекистон Республикасига тегишли барча қисмини артемия цистасини овлаш ва қайта ишлаш тармоғини ривожлантириш учун барча тадбиркорлик субъектларига тенг шароитлар яратиш;

шу соҳа билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш учун кўмаклашиш;

артемия цистаси етиштирувчи тадбиркорлик субъектларига квоталар ажратишда хом ашёни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш талабини белгилаш юзасидан хулоса тақдим этилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.