Монополияга қарши курашиш қўмитаси: Тошкентдаги реклама конструкцияларининг 50% талабларга жавоб бермайди

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг маълумотларига кўра, республика ҳудудларида жойлаштирилган жами 12 318 та ташқи реклама объектларининг (конструкциялари)нинг 7 108 таси (57,7%) қарор талабларига мувофиқ эмаслиги аниқланган. Шундан, Тошкент шаҳрида жойлашган 6 630 та конструкциянинг 3 207 таси ёки 50 фоизга яқинида камчилик аниқланган.

«Қарор талабларига номувофиқ деб топилган 7 108 та ташқи реклама объектларининг (конструкцияларининг) 2 094 таси йўл қатнов қисмида жойлашганлиги, 201 тасида оралиқ масофага риоя қилмаганлиги, 1 353 тасининг эгаси аниқланмаган ҳамда 3 460 тасида бошқа камчиликлар аниқланган».

Сўз Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори ҳақида бормоқда.
 
Қўмитанинг таъкидлашича, қарорга мувофиқ 2020 йил 31 декабрга қадар биринчи даражали марказий қатнов кўчаларида ҳамда 2021 йил 31 декабрга қадар иккинчи даражали марказий қатнов кўчаларида жойлаштирилган ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) юқори технологияли қурилмаларга босқичма-босқич ўзгартириш кўзда тутилган.

«Ташқи реклама объектларини юқори технологияли қурилмаларга ўзгартириш ишлари белгиланган муддатларда бажарилмаган тақдирда, бундай қурилмалар уларнинг эгалари томонидан ўз кучи билан олиб ташланади ва ер майдони тартибга келтирилади, акс ҳолда қурилмалар суд тартибида тегишли ҳокимлик томонидан демонтаж қилинади ва барча харажатлар реклама объектлари эгаларидан ундирилади», – дея қайд этади кўмита.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.