Навоий вилоятида аёллар маҳаллий мактабда синфлар ва ўқитувчилар етишмовчилигига норозилик белгиси сифатида йўлни ёпиб қўйди

Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда «Хатирчида норози халқ бош кўтарди» номи остида тарқалган видеога расмий муносабат билдирди, деб ёзади “Дарё” нашри.
 
Маълумотларга кўра, 2021 йил 1 март куни Хатирчидаги 9-мактаб ёнида ота-оналар томонидан намойиш ўтказилган. Улар йўлнинг қатнов қисмига чиқиб олиб, тегишли мутасаддилар етиб келмагунга қадар машиналар ҳаракатини тўсиб қўйган.


 
11 нафар аёл ўз фарзандларини мактабдаги тайёрлов гуруҳларига («нулевой») қўйиш учун синф хоналари етишмагани туфайли шундай қилишганини қайд этган.
 
Шу куннинг ўзида воқеадан хабар топган туман ҳокими Ғофир Алиев ҳамда тегишли масъуллар ҳодиса жойига бориб, мурожаатларни ўрганган.
 
«Муаммолар жойида бартараф этилиб, синф хоналар ва ўқитувчилар ажратилиб, масала ижобий ҳал этилди», — дейилади туман ҳокимлиги хабарида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.