Оқ уй Зеленскийга нисбатан суиқасд ҳақидаги хабарлар юзасидан хавотир билдирди

Foto: regnum.ru

АҚШ президенти маъмурияти Украина президенти Владимир Зеленскийга нисбатан суиқасд тайёрлангани ҳақидаги хабарлар юзасидан хавотирда. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер маълум қилди. Аввалроқ, 7 май куни Украина Хавфсизлик хизмати украиналик мансабдорлар ва сиёсатчилар, шу жумладан, Зеленскийни ўлдиришни режалаштирган икки полковник қўлга олингани ҳақида хабар берганди.

“Биз бу баёнотни эшитдик. У, табиийки, катта хавотирни туғдиради. Ва, шубҳасиз, биз қотилликка уриниш олди олинганидан хурсандмиз”, — деди Жан-Пьер.

УХХ маълум қилганидек, давлат қўриқлаш бошқармасининг қўлга олинган икки полковниги Владимир Зеленскийни келажакда ўлдириш мақсадида унга яқин одамларни қидириш билан шуғулланган агентура тармоғига кирган. Тармоқ фаолияти, УХХ даъво қилишича, Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан бошқарилган.

Аввалроқ, 6 май куни эса Украина давлат қўриқлаш бошқармаси департаментларидан бирининг раҳбари Андрей Гук қўлга олингани маълум бўлганди. У қўриқланувчи шахслар, шу жумладан, президентга алоқадор махфий маълумотларни тўплашда ва чет эл махсус хизматларига ухатишда гумонланмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.