Навоийда қиймати 15 млрд сўмлик йўл ўтказгич барпо этилмоқда

Навоийда қиймати 15 млрд сўмлик йўл ўтказгич барпо этилмоқда

Навоийда Амир Темур ва Ғалаб кўчалари чорраҳасида пиёдалар учун йўл ўтказгич қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда.  Қурилиш ишларини кузда битказиш режалаштирилмоқда. Айни пайтда ишларнинг 80% якунланган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар беради.

«Пиёдалар учун йўл ўтказгич чорраҳада ЙТҲ хавфидан қочиш имконини беради ва бу ерда юзага келаётган тиқилинчларни бартараф этади», – дейилади телелавҳада.

Телеканалнинг қайд этишича, кўприк жойлашадиган чорраҳа Навоий марказий деҳқон бозори ва буюм бозори ёнида жойлашган. Бир дақиқа ичида чорраҳадан 400 га яқин киши ўтади.
 
Қурилиш қиймати қарийб 15 млрд сўмни ташкил қилади. Телеканал маълумотларига кўра, Навоий йўллардан фойдаланиш корхонаси буюртмачи сифатида чиққан. Бош пудратчи – “Навоий кўприклардан фойдаланиш” ДУК. Субпудратчилар орасида «Химпроммонтаж», Inter Karmala ва Element Qurilish корхоналари бор.

Охиргичи Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган. Element Qurilish компаниясининг устав жамғармаси 3,2 млрд сўмни ташкил қилади, раҳбари – Нозим Солиҳов. Қурилиш компанияси 2011 йилдан буён фаолият кўрсатади ва лойиҳалари орасида асосан заводлар бор.

«Бу ерда зинапоялар, пандуслар ва юк кўтариш қобилияти бир тонна бўлган лифт ўрнатиш кўзда тутилган», – дея хулоса қилинади лавҳада.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.