Олий Мажлис депутати: «Бу аҳвол билан АЭС қурилиши тугул, ҳозирча унинг ёнига яқинлашмай турган маъқул экан»
Олий Мажлис Қонунчилик депутати Дониёр Ғаниев Сардоба сув омборидаги тўғон бузилиши борасида ўз фикрини билдирди. Қайд этиб ўтамиз, айни дамда Aniq.uz сайтидан ҳамда депутатнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан мақола олиб ташланган.
«Дарҳақиқат, 2020 йил халқимиз ва давлатимиз учун қийин келди. Коронавирус ортидан бир ҳафта ичида Бухоро, Қашқадарё ва Самарқандда кучли шамол кўринишидаги табиий офат, бугун эса Сирдарёдаги сув омбори бузилиши оқибатида сув тошқини юз берди.
Бу офатлар бизнинг қурилиш соҳасидаги камчиликларимизни кўзгудаги каби акс эттиради. Авваллари ҳокимликда ишлаган пайтларимда, ҳудудларда архитектура, кадастр ва умуман қурилиш соҳаси коррупция ботқоғига ботиб кетганига кўп марта гувоҳ бўлганман.
Коррупция коронавирусдан ҳам ёмонроқ, у жамиятни илдизига болта уради, ушбу иллатга қарши курашиш эса бизнинг бурчимиздир. Уни енгиб ўтмас эканмиз, ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олиш орзуларимиз биз учун қуруқ гап бўлиб қолаверади.
Мен қилган яна бир хулоса шуки, қурилиш соҳасидаги бундай аҳвол билан АЭС қурилиши тугул, ҳозирча унинг ёнига яқинлашмай турган маъқул экан», – дейди депутат.
Қайд этиб ўтамиз, Дониёр Ғаниев – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутат. У 110-сонли Марғилон сайлов округини тақдим этади.
Шарҳлар