Олот-Тошкент йўналиши бўйича поездлар ҳаракати тикланади

Ишчи ташриф билан Бухоро вилоятига келган Шавкат Мирзиёев Олот тумани марказида Олот, Қоракўл, Жондор ва Шофиркор туманлари фаоллари, маҳалла раислари билан учрашди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.

Давлат раҳбари учрашувда маҳаллий аҳолининг мурожаатларини инобатга олиб, Олот-Тошкент темир йўл қатнови қайта тикланишини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, Олот туманида кинотеатр ва кутубхонани ўз ичига олган Маънавият ва маданият маркази қурилади. Шунингдек, мактаб, болалар боғчаси, тиббиёт муассасалари, ижтимоий хизмат объектлари барпо этилади.
 
Бу йил Қоракўлдаги Халқаро математика мактаби реконструкция қилиниб, 200 ўринли ётоқхона қурилиши таъкидланди.

Жаҳон банки иштирокидаги Олот ва Қоракўл туманлари ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича 139 миллион долларлик лойиҳа якунланиб, 265 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланади. Бу икки туманда 30 йилда ичимлик суви таъминоти 17 фоиз бўлган, жорий йилда бу кўрсаткич 90 фоизга етади.

Бу йил ёшлар ва оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун Қоракўл туманига 36 миллиард сўм, Олот туманига 21 миллиард, Жондор туманига 49 миллиард сўм маблағ ажратилади. Қоракўл касб-ҳунарга ўқитиш марказида 980 нафар ишсиз ва чет элда ишлаш истаги бўлган фуқаролар турли касбларга ўқитилади.

2021-2022 йилларда Олотда 42 та, Қоракўлда 56 та, Жондорда 67 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 мингта доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.