Сардоба сув омборининг ўпирилган дамбасида сув тошқини оқибатларини иккита бригада туну-кун бартараф этмоқда

Сардоба сув омборининг ўпирилган дамбасида сув тошқини оқибатларини иккита бригада туну-кун бартараф этмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев бугун ҳам Сирдарё вилоятида бўлиб, Сардоба сув омбори ҳудудида амалга оширилаётган тиклаш-таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишди.

Президент матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, ҳозирги вақтда тошқин юз берган жойда 2 та бригада ташкил этилиб, тўғон ёриғининг чап ва ўнг қирғоқларида жадал иш олиб борилмоқда. 

«Бу жараёнга юзлаб малакали мутахассислар, мингдан ортиқ махсус техникалар жалб этилган. Катта ҳарсанг тошлар, бетон блоклар ва плиталар, бошқа тегишли қурилиш материаллари келтирилиб, тўғон олдида ярим айлана шаклида тўсиқ девор барпо этилмоқда», – дейилади хабарда.

Бундан олдин ФВВ вазирли ходимлари сув тошқини зонасини тарк эта олмаган 138 нафар кишини қутқаргани ҳақида хабар берганди.

 «Шу соатларда махсус техника ёрдамида уй хўжаликларидан ва бошқа инфратузилма объектларидан сув тортиш ишлари олиб бормоқда, бир вақтнинг ўзида излаш-қутқариш ишлари ҳам давом этмоқда. Ҳозирнинг ўзидаёқ хавфсиз ҳудудларда жойлашган ва сув тошқини оқибатлари бартараф қилинган уйларга қисман одамларни қайтариш масаласи кўриб чиқиляпти», – дейилади ФВВ хабарида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.