“Олтин ҳалқа” аҳоли даромадини оширишга хизмат қилади

“Олтин ҳалқа” аҳоли даромадини оширишга хизмат қилади

Вазирлар Маҳкамаси “2019-2020 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида” қарор қабул қилди, унга кўра “Олтин ҳалқа” туризмни ривожлантириш концепцияси ва “Кумушкон” туристик қўрғонини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Тошкент вилоятига ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини кўпайтириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда маҳаллий аҳоли даромадини ошириш мақсадида Бўстонлиқ, Оҳангарон, Паркент, Бўка, Чиноз, Зангиота туманлари ва Ангрен шаҳрида “Олтин ҳалқа” концепцияси асосида зарур инфратузилма шакллантирилади.

Хусусан, Бўстонлиқ тумани «Чорвоқ” эркин туристик зонаси, Угам-Чотқол миллий боғи, “Чорвоқ” сув омборига эга, ҳудудда туризмнинг барча  йўналишларини ривожлантириш имконияти мавжуд; Паркент тумани – тоғ олди ҳудуди ҳисобланиб, табиати гўзал, ҳудуднинг зиёратгоҳлари, агротуризм масканлари, мазали овқатланиш шохобчалари мавжуд; Зангиота тумани – тарихий ҳудуд, у зиёрат туризми объекти бўлган “Зангиота” мажмуаси, ҳунармадчилик марказлари, савдо мажмуаларига эга; Оҳангарон тумани тарихий манзилгоҳлар, маданий мерос объектларига бой, саноат туризми йуналиши бўйича туризм намойиши объектларига эга; Бўка туманининг гастрономик туризм йўналишида ўзига хос туристик объектлари мавжуд; Чиноз тумани Тошкент ва воҳани боғловчи асосий магистрал йўл бўйида жойлашган бўлиб, агротуризм, гастрономик туризм ва туризмнинг бошқа турларини ривожлантириш имкониятларига эга; Ангрен шаҳри саноат шаҳри эканлиги билан машҳур, Янгиобод ва Лашкарак ҳудудларининг табиати гўзал, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи йўлбўйи овқатланиш шохобчалари бор. 

Концепциянинг асосий вазифаларидан бири ҳудуддаги туристик нуқталарда қулай шароитларни яратиш ҳисобидан аҳоли ва тадбиркорлар даромадини ошириш ҳисобланади. Мазкур ҳудудда 45 та инвестицион лойиҳа амалга оширилади, 1523 та янги иш ўрни яратилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.