Парламент депутати: ички ишлар вазири истеъфога чиқиши керак
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Расул Кушербаевнинг фикрича, Андижонда ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатлари муносабати билан ички ишлар вазири истеъфога чиқиши керак.
«Ахборот технологияларининг кенг ривожланиши ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ортидан амалда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ўзгаришлар сабаб, бугун кўп соҳалар қатори ҳуқуқни мухофаза қилиш тизимидаги қонунбузилиш ҳолатлари ҳам жамоатчилик томонидан очиқ муҳокама қилинмоқда», – дея қайд этади депутат.
«Турли ахборот манбаларида берилаётган қийноқлар билан боғлиқ маълумотлар бу каби салбий иллатлар афсуски тизимда узоқ йиллар давом этиб бугунги кунларга ҳам уланиб кетаётганлигини кўрсатмоқда: самарқандлик аёлнинг ечинтирилиши, ички ишлар биносида одамнинг ўлиб қолиши, андижонлик фуқаронинг қийноқларга солиниши, Бош прокуратура терговчиларининг “Бекобод иши” доирасида одамларни шавқатсиз қийноққа солиши ва куни кеча Андижонда қийноқлар оқибатида бир инсоннинг ўлиши аслида инсон ҳуқуқларини таъминлашни бўйнига олган идораларнинг айрим “психологик бузилган” шахсларидан оддий одамларни ҳимоя қиладиган алоҳида кучли тузилма зарур бўлиб қолганлигини кўрсатмоқда. Балки омбудсман ваколатларини ошириш керакдир. Билмадим…», – пишет Кушербаев.
Депутатнинг фикрича, Андижонда юз берган воқеалар ИИВ тизимига раҳбарлик қилаётганларнинг хатти-ҳаракатларига бўлган ёндашувни қайта кўриб чиқишни талаб этади.
«Афсуски жамоатчиликка маълум бўлиб қолаётган сўнгги воқеалар(аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин) ички ишлар тизимига раҳбарлик қилиб келаётган шахсларнинг фаолиятига бўлган ёндошувни қайта кўриб чиқишни тақазо этмоқда. Ҳозирги вазиримизни халқпарвар, деб эшитганман. Аммо бўлиб ўтган ҳолатлар уларнинг истеъфо вақти етиб келганини кўрасатаяпти. Ҳурматли вазиримиз халқ олдида тизимнинг обрўси тушиши, одамларнинг эътирозлари, ходимларнинг босар-тусарини билмай ИИБда қийноқ, ўлдириш каби ишларни “табиий ҳолга айланиб” боришида энг минимал даражада бўлсин айбдор. Ва биз бу каби ишларни уларнинг раҳбарлик даврида кўпроқ эшитаяпмиз».
Расул Кушербаевнинг сўзларига кўра, тизимни фуқаро билан инсон сифатида муносабат қила оладиган даражада ислоҳ қилиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида қилинаётган ишларни юқори даражага олиб чиқишга қодир кадрлар билан тўлдириш зарур.
«Бизга халқ берган ваколат, Президент билдирган ишончни инсон ҳуқуқларини бузиш эмас, таъминлаш йўлида ишлатиб, халқни рози қилиш учун меҳнат қиладиган “тили ва иши бир” қонун ҳимоячилари керак», – хулоса қилади у.
Шарҳлар