Парламент сайловларининг якунлари: аёллар сони кўпайди, Экопартия ўзига ажратилган ўринлардан кўп жой ололмади
5 январь куни 25 та сайлов округининг 1730 та сайлов участкасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига такрор овоз бериш ишлари ўтказилди.Сайловчилар рўйхатига 3 147 079 нафар фуқаро киритилган бўлиб, уларнинг 1 978 048 нафари такрор овоз беришда қатнашди.
Такрор овоз бериш жараёнини ўз номзодларини депутатликка илгари сурган сиёсий партиялар ҳамда фуқароларнинг маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларидан 5 000 дан ортиқ кузатувчи кузатиб борди.
Сайловлар якунлари бўйича сиёсий партиялар ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида қуйидаги ўринларга эга бўлди:
– Ўзбекистон либерал-демократик партияси – 53 та депутатлик ўрни;
– “Миллий тикланиш” демократик партияси – 36 та депутатлик ўрни;
– “Адолат” Ўзбекистон социал-демократик партияси – 24 та депутатлик ўрни;
– Ўзбекистон Халқ-Демократик партияси – 22 та депутатлик ўрни;
– Ўзбекистон экологик партияси -15 та депутатлик ўрни.
2014 йилги Қонунчилик палатасига сайловлар билан солиштирганда “Адолат” (20 та ўрин) ва ХДП (27 та ўрин) ўзаро ўрин алмашган.
Экологик партия олдин квота бўйича ажратилган 15 та депутатлик ўрнидан кўп жой ололмади.
Депутатнинг ўртача ёши 46,4 ни ташкил қилди. Шерзод Рахмонов (26 ёш), Сафар Остонов (74 ёш) – энг ёш ва энг кекса депутатларга айланди. Иккаласи ҳам ХДП вакили.
МСК маълумотларига кўра, парламентда 48 та ўринни аёллар, 102 та ўринни эркаклар эгаллаган. Фоизлар нисбатида аёллар 32% ўринни эгаллаган, аммо буни гендер тенглигини таъминлаш борасида “инқилоб” деб айтишга ҳали эрта.
Шарҳлар