Пенсия жамғармасининг бинолари 2024 йилгача кексалар ва ногиронлиги бор кишилар учун имконли қилинади

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги,, Давлат активларини бошқариш агентлиги  ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда Пенсия жамғармаси ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимларини фуқаролар учун қулай шароитларга эга бўлган бино ва иншоотларга кўчириш топширилди. Бу ҳақда президент қарорида сўз боради.

2022 йил 1 июлга қадар қариялар ва кекса ёшдагилар, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатишга мослаштирилган Пенсия жамғармасининг бинолари бўйича минимал талабларга асосан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар бир ҳудудда биттадан Пенсия жамғармасининг мавжуд бинолари негизида “Намунали Пенсия жамғармаси бўлими” ташкил этилади.

2024 йилга қадар босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари бинолари минимал талабларга мослаштирилади.

Аввалроқ биз Тошкентдаги Пенсия жамғармасининг бинолари ногиронлиги бор одамлар ҳаракатланиши учун имконсиз экани ҳақида ёзгандик. Агар ҳар куни жамғармага беш нафар ногиронлиги бор киши ташриф буюрса, бир йилда бу Тошкент шаҳрининг ўзида қарийб 1500 кишини ташкил қилиши мумкин. Қулай муҳитсиз ногиронлиги бор кишилар қонун томонидан кафолатланган давлат хизматларидан фойдалана олмайди ва ижтимоий ҳимоя тизимидан четда қолади.
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.