Президент мактабгача таълим вазирининг ўринбосарини лавозимидан озод этди
Шавкат Мирзиёев 24 май куни ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари қамровини кенгайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар беради.
«Вазирнинг бошқа ўринбосарлари ҳамда вазирликнинг барча ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ўз вазифасини бажарувчи даражасига туширилди. Уларнинг ўз лавозимига лойиқлиги кейинги фаолияти натижадорлиги таҳлили асосида кўриб чиқилиши белгиланди», – дейилади хабарда.
Президент хусусий боғчаларнинг электр энергияси ва табиий газ тўловининг 50 фоизини давлат бюджетидан қоплаш бўйича кўрсатмалар берди. Пандемия сабабли тўлиқ қувватда ишламаган давлат-хусусий шериклик боғчаларнинг кредитлари бўйича асосий қарз тўлови муддати ҳам йил якунига қадар узайтирилди.
2021-2022 йилларда 23 та туманнинг олис ва чекка ҳудудларида 50 та мактабгача таълим муассасаси барпо этиш режалаштирилган. Бунинг учун қамров даражаси энг паст ва болалар сони 250 тадан ошган 50 та маҳалла танлаб олинган.
Мактабгача таълим муассасаларининг 12 минг нафар ходимини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилиши белгиланди.
Фотосурат: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати
Шарҳлар