Президент «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонини таъсис этди
Ўзбекистон Президентининг «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги қарори нашр этилди.
Ҳужжатда «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони “Мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимизни, шунингдек, ишламасдан, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятимизда ҳурмат қозонган оналарни муносиб тақдирлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4906-сонли Фармонига асосан” таъсис этилгани қайд элинади.
«Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони ҳақидаги Низомга мувофиқ «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиз, шунингдек, ишламасдан, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятимизда ҳурмат қозонган оналар тақдирланади.
Хусусан, I даражали кўкрак нишони билан камида 35 йиллик меҳнат стажига эга шахслар;
II даражали кўкрак нишони билан камида 30 йиллик меҳнат стажига эга шахслар;
III даражали кўкрак нишони билан камида 25 йиллик меҳнат стажига эга шахслар, шунингдек, жамиятда ҳурмат қозонган ишламайдиган оналар тақдирланадилар.
I даражали кўкрак нишони юқори даражали ҳисобланади. II ёки III даражали кўкрак нишони билан тақдирланганлар кейинчалик унинг юқори даражалари билан босқичма-босқич мукофотланиши мумкин. Бир даражадаги кўкрак нишони такроран берилмайди.
Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлар, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлимларига берилади.
«Нуроний» жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлимларининг таклифлари ҳар йили 25 декабргача «Нуроний» жамғармасининг Васийлик кенгашига тақдим этилади.
Тақдим этилган таклифларни кўриб чиқиш ва кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодларни танлаб олиш тартиби «Нуроний» жамғармасининг Васийлик кенгаши томонидан белгиланади.
Кўкрак нишони билан тақдирлаш «Нуроний» жамғармаси Васийлик кенгашининг қарори билан амалга оширилади.
Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги қарор «Нуроний» жамғармасининг ахборот воситаларида эълон қилинади.
I даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида, II даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.
Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Кўкрак нишони, унинг гувоҳномаси ва пул мукофоти «Наврўз» байрами арафасида «Нуроний» жамғармаси Васийлик кенгашининг раиси (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.
Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда тиббий хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.
Манба: Ўзбекистон Президентининг сайти
Шарҳлар