Президентга олимларнинг маданий меросни сақлаш борасидаги таклифлари тақдим этилади
Тошкентда Маданий мерос ҳафталиги бошланди. ЮНЕСКОнинг маданият бўйича бош директори ўринбосари Эрнесто Оттоне табрик сўзи билан иштирокчиларга мурожаат қилди.
У ўз нутқида ЮНЕСКО жаҳон мероси объектларининг бештаси ва инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган олтита элемент Ўзбекистонда мавжудлигини таъкидлади.
«Ўзбекистоннинг маданий мероси мамлакат келажагини қуриш учун муҳим асос бўлиши мумкин. Маданий мерос ва ижод қашшоқлик кўламларини иш ўринларини яратиш ва аҳолининг фаровонлигини ошириш йўли билан қисқартиришда ҳал қилувчи ролни ўйнайди», – дея қайд этади Эрнесто Оттоне.
“Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” деб номланувчи IV халқаро конгрессда тадбир иштирокчилари, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти аъзоларининг мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатини тайёрлаш таклиф этилди.
Олимларнинг маданий меросни асраш соҳасидаги барча таклифларини ягона ҳужжатга бирлаштирадиган ишчи гуруҳ тайёрланади. Мурожаат Ўзбекистон маданий мерос ҳафталигининг якуний кунида қабул қилиниши тахмин қилинмоқда.
Шарҳлар