Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида низо юзага келди: икки қишлоқ аҳолиси бир-бирини тошбўрон қилди

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида низо юзага келди: икки қишлоқ аҳолиси бир-бирини тошбўрон қилди

Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида юз берган воқеага изоҳ берди. Икки қишлоқ аҳолиси бир-бирини тошбўрон қилган, дея хабар қилади Podrobno.uz.

«2020 йил 31 май куни Фарғона вилояти таркибидаги Сўх туманида жойлашган Чашма қишлоғи ёнида сув учун қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида катта жанжал рўй берган», – дея хабар беради Давлат хавфсизлик хизмати.

Юзага келган вазиятни бартараф этиш учун Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳаллий маъмуриятларининг масъул раҳбарлари воқеа жойида учрашган. Ҳозирда вазият тўлиқ назоратга олинган. Можаронинг сабаб ва оқибатларини бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Сал аввалроқ Kloop.kg  Қирғизистоннинг Боткен вилояти чегарасида ҳам низо юз бериб, одамлар бир-бирини тошбўрон қилгани ҳақида ёзганди. Қадамжой районидаги Чечма қишлоғи (Қирғизистон) ва Сох туманининг Чашма қишлоғи (Ўзбекистон) аҳолиси низо иштирокчилари бўлган.

«Ҳар йили икки томон биргаликда чашмани тозалайди. Номаълум сабабларга кўра одамлар бир-бирини ҳақорат қила бошлаган ва одамлар тошбўрон қилишга ўтиб кетган. Ҳозирча жабрланганлар ҳақида менда маълумот йўқ», – дея Қирғизистон бош вазири ўринбосари Акрам Мадумаровнинг сўзларини келтиради Kloop нашри.

«Маҳаллий ҳокимиятлар музокаралар ўтказмоқда. Ушбу ҳудуд мунозарали ҳисобланади, булоқдан икки томон ҳам фойдаланади, шу боис низолар тез-тез содир бўлади. Биз вазиятнинг чуқурлашишига йўл қўймаймиз», — дейди Мадумаров.
 
Kloop.kg маълумотларига кўра, низо Чашма булоғи ёнида соат тахминан 12 ларда содир бўлган. Жабрланганлар албатта бор, аммо уларнинг сони номаълум, соат 19:30 да ҳам одамлар ҳамон бир-бирини тош бўрон қилаётганди, бинолар ёқилган. Воқеа жойига тиббий ходимлар етиб келган. Фотосуратларга қараганда одамларни ҳарбийлар ва милиция тинчлантиришга ҳаракат қилган.

Соат 20:40 да (Бишкек вақти бўйича) ҳам Қирғизистон ҳукуматининг бирор-бир жавоб реакцияси йўқ. Эҳтимол, ҳукуматнинг сукут сақлашига дам олиш куни экани ёки бош вазир Мухаммедкалий Абилгазиевнинг таътилда экани сабабчи бўлиши мумкин.

Бош саҳифадаги фотосурат:Аззатык

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.