Қонунчилик палатасининг депутати автомобиллар ва пиёдалар ҳаракатини чеклашни таклиф қилди
«Автомобиллар ва пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишини чеклаш керак: ҳамма уйида ўтириши лозим (дўконга ва дорихонага бориш, кексалар, камбағалларга волотёрлик кўмагини кўрсатиш, ҳайвонларни сайрга олиб чиқиш ва бошқа алоҳида сабаблар истисно қилинади)», – деб ёзади телеграм-каналда Олий Мажлис қонунчилик палатасининг депутати Бобур Бекмуродов.
Бекмуродов ўз таклифини фуқаролар ниқобсиз юраётгани билан асосламоқда. “Йўлларда кўплаб автомобилларнинг борлиги, ва умуман олганда, жамиятимизда карантин маданиятининг йўқлиги карантин шароитларини янада жиддий кучайтириш заруратига ишора қилади”, – деб ёзади у.
Конституциянинг 28-моддасида шундай дейилади: «Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш, Ўзбекистон Республикасига кириш ва ундан чиқиш ҳуқуқига эга, қонунда белгиланган чекловлар бундан мустасно».
Бобур Бекмуродов 126-Бешкент сайлов округидан ЎзЛиДеп депутати ва “Юксалиш” Умуммиллий ҳаракати раисининг ўринбосари ҳисобланади.
Шарҳлар