Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида яна юзлаб тожикистонлик фуқаролар тўпланиб қолди
Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги «Жибек Жолы» ўтказиш пункти ёнида юзлаб Тожикистон фуқаролари туриб қолган, дея хабар беради «Озоди».
Чегарага муҳожирларнинг янги оқими келгани ҳақидаги маълумотни Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳам тасдиқлаган. Элчихона маълумотларига кўра, “тахминан 100 кишини”, асосан кексалар ва болаларни, 1 июль куни уйга жўнатишга муваффақ бўлинган.
Муҳожирларнинг “Озоди”га маълум қилишича, чегарада яна мингга яқин киши қолмоқда. Нашр сайтига жойлаштирилган видеода юзлаб одамлар ерда ўтиргани ва ётгани акс этган. Элчихона бу ерда тўпланиб қолган муҳожирларни яқин кунлар ичида уйларига қайтаришни ваъда қилмоқда.
Бундан олдин «Жибек Жолы» ўтказиш пунктида 200 га яқин тожикистонлик борлиги ҳақида хабар берилганди. Қозоғистон суди улардан 50 нафарини муҳожирлар ҳақидаги қонунчиликни бузганлари учун депортация қилиш ҳақида қарор чиқарганди.
Бизни Telegram да ўқинг
Шарҳлар