Қурилиш вазири “Наврўз” тўйхонасининг бузилишига изоҳ берди
Ўзбекистон қурилиш вазири Ботир Зокиров 17 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида “Наврўз” саройининг бузилиши масаласига изоҳ берди. Бу ҳақда Kun.uz нашри ёзади.
«Биринчидан, бино анчадан буён ишлатилмаяпти. Мен шахсан ўзим уни 3-4 ёки 5 марта таъмирлатганман. Мутахассис сифатида айтаман, бино қурилиш жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам эскирган. Ҳозир бундай катта «тўйхона» керак ҳам эмас».
Вазирнинг сўзларига кўра, ўтган йили шаҳар ҳокимлиги у ерда ёш тадбиркорлар учун марказ қуришни таклиф қилган. “Аслида яхши ният билан ўтган йили шаҳар ҳокимлиги бу бинони ёш тадбиркорларга марказ қилиб берамиз, деган таклиф билан чиқди. Рухсат ҳам олишди ва қурилиш бошланди”, – дейди у.
Вазирнинг қайд этишича, бинони таъмирлашдан олдин, унинг техник кўригини ўтказиш зарур.
«Буларнинг битта айби – техник кўрикни бино таъмири билан параллел равишда бошлагани. Сезган бўлсангиз, бино таъмири иш кетаётган вақтда бирдан тўхтатилди. Бунинг сабаби – қурувчиларимиз катта залнинг ўнг томонида шифтни очишганида, юқорида жиддий ўзгариш рўй берганини сезиб қолишган».
Ботир Зокировнинг айтишича, очилиб қолган кичик бир жойдан неча йилдан бери пойдевор остига сув кетгани маълум бўлган.
«Бунинг оқибатида ўнг томонда учта колонна жиддий зарар кўргани аниқланди. Ертўлага тушганимизда тупроқнинг салкам 70 см.га чўкканига гувоҳ бўлдик. Бинони ушлаб туриши лозим бўлган қисм, у қурувчиларда «стакан» дейилади, аксинча бинога осилиб турибди. Бино монолит қилингани учун учта «колонна»нинг чўккани ҳам билинмаган. Агар шифт очилмаганида, буни ҳеч ким билмасди», – дея қайд этади вазир.
Соҳа раҳбари мисол тариқасида Ички ишлар вазирлиги биносининг бир неча йил аввал пойдевор ости қисмига ёмғир сув кетиб, чўкиш ва қийшайиш рўй берганини ҳам гапириб берди.
«ИИВ биноси пойдевори монолит бўлгани учун, унинг остига подвал қисмидан свай қоқиб, пойдевор чўкиши ва бино фасади қийшайишини бартараф эта олдик. «Наврўз» қабуллар уйида эса бундай қилиб бўлмасди. Чунки бу тўйхонада устунлар чиққан пойдеворлар лентали эмас, стакан кўринишида. Стаканлар остидаги тупроқлар қарийб 1 метргача чўкиб, устун бинони кўтариш ўрнига, устун бинога осилиб турган эди», – дейди у.
Шарҳлар