Қурилиш вазири: Жиззахда қулаган бинонинг буюртмачиси ҳам, пудратчиси ҳам бўлмаган

 

Ўзбекистон қурилиш вазири Ботир Зокиров якшанба куни Жиззахда қулаган қурилиши охиригача етмаган олти қаватли тураржой биноси бўйича изоҳ берди, деб ёзади “Газета” нашри.

«Тўғридан-тўғри коррупцион схема. Менга кеча кирган ҳужжат. Администрацияда ҳам мана шу масалага ойдинлик киритишди, коррупцион схема. Кимдур ҳокимликка қанақадур яқинлиги бор ёки тизимда таниш-билиши бор, бугун ўшани номига (Barakali Qorako’l Chorvador — таҳр.) олинади, бошлангандек бўлади, умуман бошқа одамлар ишлайди. Ҳужжатни уч марта аниқлаштиришганда уч хил чиқаяпти. Унақа бўлиши керак эмас. Бу коррупцион схема — масала шу», — дейди вазир.

Ботир Зокиров жавобгарликни бўйнига олмаслик учун уни қуришга масъул шахслар турли хил баҳона қилаётганини қайд этган.
 
«Ҳозир қидирадиган бўлсангиз бирорта эгаси чиқмайди. Биттаси қилган, „мен унга бериб қўйганман, ўзи қураяпти, пулим бўлмади“, — у мингта баҳона қилади. Бир хил одамлар бизнес қилаяпти. Уни таниш-билиши бор, у бугун бемалол ўша жойини олади, кейин сотади. Ҳамма ҳужжат чала-чулпа. Давлат назорати ҳам битта борганда 3 қават бўйича битта лойиҳачи — „лойиҳачини шартномаси қани“ деса, ҳеч нарсаси йўқ. Ундан кейин иккинчиси кираяпти. Бу ерда коррупцион схема бўлгани учун ўша тадбиркор нима хоҳласа, шуни қилаяпти. Биз шуни олдини олишимиз керак», — дея таъкидлайди қурилиш вазири. 

“Объектни буюртмачиси, техника назорати, лойиҳа муаллифлик назорати ва пудратчиси бўлиши керак. Уларда буни биттаси ҳам йўқ. Уларни гапини эшитсангиз, ҳеч ким жавобгар эмас”, – қайд этади у.

Вазирликда қулаган бинонинг орқасида жойлашган объектга ҳам зарар етгани, қолаверса, у ҳам талабга жавоб бермаслиги ҳамда яқин орада қулаб, одамлар соғлиғига хавф туғдириши мумкинлиги айтилди. Шу боис ҳозирда уни бузиб ташлаш масаласи долзарб эканлиги қайд этилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.