Ўзбекистонда бачадон саратони скрининги бўйича пилот лойиҳа ишга туширилади

Бугун БМТнинг Aҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) Соғлиқни сақлаш вазирлигига одам папилломаси вирусини (ОПВ) аниқлаш ускуналари ва тест-системаларини топширди. Ушбу тадбир бу йўналишдаги миллий дастурни янада ривожлантириш мақсадида бачадон бўйни саратонини скрининг қилиш бўйича пилот лойиҳага старт берди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
 
Маросимда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианн Куппенс, ЮНФПAнинг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси иқтисодий масалалар бўйича биринчи котиби Йоко Ямато иштирок этди.
 
Тақдимот маросимида айтилишича, ушбу лойиҳа Япония ҳукуматининг молиявий кўмаги билан, БМТ Тараққиёт дастури ва ЮНФПAнинг «Орол бўйи минтақасидаги аҳолининг экологик, иқтисодий заифликларига, шунингдек, аҳоли саломатлиги масалаларига чидамлилигини кучайтириш» қўшма дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади. Шунингдек, лойиҳа Чирчиқ шаҳрида бачадон бўйни саратони скрининги бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан қўшма дастурнинг бир қисми сифатида ҳаётга татбиқ этилади.
 
ЖССТ маълумотларига кўра, жаҳонда ҳар йили 300 мингдан зиёд аёл бачадон бўйни саратонидан вафот этади. Дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган ва кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади.
 
Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса, бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратонидан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар (15 – 44 ёш) орасида эса бачадон сартонидан ўлим кўрсаткичи бўйича иккинчи ўринда туради.

Бундан олдин биз бир йилдан буён малакали ёрдам ололмаётган Наргиза Доброносованинг ҳикоясини чоп этгандик.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.