Қурол муомаласини назорат қилиш учун масъул бўлган ягона органни белгилаш таклиф этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг матбуот хизмати хабар беради.
Қонун 14 та моддадан иборат бўлиб, 11 та қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.
«Ҳозирги пайтда амалдаги “Қурол тўғрисида”ги Қонунда фуқаролик ва хизмат қуроли ҳамда ўқ-дорилар соҳасида лицензиялаш ва рухсатнома бериш ваколати Миллий гвардия органларига юклатилган. Бироқ фуқаролик ва хизмат қуроли ҳамда ўқ-дориларни сақлаш қоидаларига риоя қилиниши устидан назорат, аниқланган қоидабузарликлар бўйича чора кўриш эса ички ишлар органларига юклатилган».
Хорижий давлатларда қурол муомаласи соҳасидаги муносабатлар, яъни лицензиялаш ва рухсатнома бериш ҳамда уларнинг талабларига риоя этилишини назорат қилиш ваколати ягона давлат органига топширилган.
“Қурол тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганидан сўнг ўқотар қуролдан ташқари пневматик, газли, сигнал берувчи, тиғли, улоқтириш қуроли ва электрошок қурилмаларига эгалик қилишга рухсат берилди.
«Бироқ ўқотар бўлмаган юқорида кўрсатилган қуролларга ноқонуний эгалик қилиш учун эса қонунчилигимизда жавобгарлик мавжуд эмас.», – дея қад этади юқори палата вакиллари.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида фақатгина ўқотар қуролни сақлаш қоидаларига риоя қилмаслик ва ноқонуний эгалик қилиш учун жавобгарлик белгиланган, холос.
Сенатдагиларнинг қайд этишича, “ўтган 2020 йилда ўқотар бўлмаган қуролга рухсатномасиз эгалик қилиш билан боғлиқ аниқланган 2 174 та ҳолат бўйича шахсларга жавобгарлик чоралари кўриш учун ҳуқуқий асос бўлмаган”.
«Бу эса ўқотар бўлмаган қуроллар билан фуқаролар ўртасида “эркин муомала қилиш” вазиятини шаклланишига имкон яратмоқда», – дея хулоса қилади Сенатдагилар.
Бош саҳифадаги фотосурат: USMC
Шарҳлар